Тараққиёт йўли: Ўзбекистон – Россия

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигида икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлиги бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 21-йиғилиши тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган Россия Федерацияси маориф вазирининг биринчи ўринбосари Дмитрий Глушко бошчилигидаги Россия делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Россия томонидан учрашувда Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар департаменти директори ўринбосари А.Ефремов, Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи С.Бибичкина, Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими ёрдамчиси О.Поберезникова ва «Россотрудничество»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Вождаев иштирок этишди.

Маълумот учун: учрашувда Мактабгача таълим вазири А. Шин, мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари К. Олимов, мактабгача таълим вазири ўринбосари М. Юлдашев, Таълим жараёни сифатини таъминлаш ва инновацион педагогик технологияларни жорий этиш бошқармаси бошқарма бошлиғи В. Ким, Болалар саломатлиги, соғлом овқатлантиришни таъминлаш ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи У. Муҳиддинова,Халқаро ҳамкорлик ва чет эл инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи А. Юлдашев,Статистика бўлими бошлиғи Н. Зиямов ва Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ректори К.Эшпўлатов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари У. Бегимқуловлар иштирок этди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг бугунги жараёни ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Россия делегациясининг раҳбари Дмитрий Глушко Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикаси билан ҳар томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши мустахкамланиб бораётганлигини эътироф этиб, мактабгача таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Меҳмоннинг сўзларига кўра, Ўзбекистон сўнгги пайтларда мактабгача таълим соҳасида салмоқли натижаларга эришмоқда. Республикамизда узоқ муддатли тараққиётга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар мактабгача таълим тизимида янги ютуқлар ва инновацион ечимларнинг пайдо бўлишига замин яратди.

Делегация раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг «Аклвой» (Аqlvoy) мобил мактабгача таълим ташкилотларининг лойиҳаси алоҳида эътиборга лойиқ, у Россия Федерацияси ҳудудида ҳам келгусида бундай лойиҳаларни амалда жорий этиш мумкинлигини билдирди.

Шу билан бирга, Россия Федерацияси маориф вазирининг биринчи ўринбосари Тошкент шаҳрида “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалининг ташкил этилиши таълим соҳасидаги мамлакатлар ўртасидаги мавжуд самарали алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади.

Делегация вакиллари Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорликни нафақат таълим соҳасида, балки, Иккинчи Жаҳон урушида фидойиларча ҳалок бўлган ўзбекистонлик педагогларни номларини тиклаш борасида ҳам ишлар олиб бориш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Музокаралар якунида томонлар икки мамлакатнинг касбий-педагогик салоҳиятини ривожлантириш, ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини такомиллаштириш, мактабгача таълим тизимида инновацион, илғор педагогик ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва болаларга соғлом, мувозанатли овқатланишни таъминлаш масалаларида ҳамкорлик килишга келишишди.

Учрашув якунида Россия томони Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Узоқбой Бегимқуловга Россия Федерацияси Маориф вазирлигининг «80 лет системе профессионально-технического образования» эсдалик нишони топширилди.