Тил бор – миллат бор

Мактабгача таълим вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

Янги Ўзбекистон ҳаётида яна бир тарихий байрамга асос солинди. Мамлакатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил 10 апрел куни“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Қонунга биноан21-октябр –Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун -юртимизда умумхалқ байрами сифатида тантанали нишонланади. Мазкур қонун кенг жамоатчилик шу жумладан, мактабгача таълим тизими ходимлари томонидан ҳам кўтаринки руҳда қарши олинди.

Қонуннинг асосий мақсади “Ўзбек тили байрами куни”ни нишонлаш замирида тилимизнинг қадр-қимматини янада ошириш, унинг миллий қадрият сифатидаги нуфузини бутун дунёга намоён этиш, ушбу бой ва бетакрор хазинани асрлар оша умрибоқийлигини таъминлаш, келгуси авлодларга етказишдан иборатдир.

Дарҳақиқат,тил халқнинг тарихи, маданияти, маънавий бойлиги, урф-одатлари, анъаналари, турмуш тарзини авлоддан авлодга етказувчи бебаҳо бойликдир.Тил бор экан миллат бор, унинг тарих зарварақларидаги ўтмиши, бугуни ва келажаги барқарор.

Ўзбек тилимиз ўзининг жозибадорлиги, нафислиги, бойлиги билан дунё маънавияти хазинасига бебаҳо улуш қўшиб келмоқда.Ўзбек тилининг пайдо бўлиши ва тараққиёти узоқ тарихга эга. Бу борада жаҳон маънавияти хазинасига улкан улуш қўшган буюк аждодларимизнинг хизматлари беқиёсдир.

Шунинг учун ҳар бир фуқаро аждодлардан мерос бўлиб келаётган тилимиз ривожигамасъулдир. Ушбу масъуллик ҳисси фарзандларимиз онгида ёшликдан тарбияланган тақдирда, келажакда улар тилимизни дунё тиллари қаторидан ўрин олишларида ўзларининг ватанпарварлик туйғуларини намоён этаоладилар.

Мазкур қонунга эса Республикамизда“Ўзбек тили байрами куни”ни миллий байрам қилиб тантанавор нишонлаш орқали мактабгача тарбия ёшидаги болаларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда бебаҳо совға бўлди.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатида дунё тиллари ўртасидаги мавқеи ва нуфузини янада ошириш, асрлар оша унинг умрибоқийлигини таъминлаш жамиятимиздаги ёшу-кексанинг бурчидир. Бу борада “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун пойдевор бўлиб хизмат қилади.


Рискулова Камола Джуммаевна,