Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги вазият ҳақида

2019 йил 2 июль куни “Facebook” ижтимоий тармоғида Тошкент шаҳар, Учтепа тумани мактабгача таълим бўлими мудири Наргиза Хонтўраева аноним шахс томонидан коррупцияда айбланган. Шунингдек, унинг бу ишларига вазирлик, хусусан вазир А.Шин томонидан кўз юмиб келинаётганлиги ҳақида бир неча марта аноним пост қўйилди. Гарчи аноним мурожаатлар кўриб чиқилмаслиги қонунда кўзда тутилган бўлсада, мактабгача таълим вазирлиги бу ҳолатни чуқур ўрганиб чиқди.

Вазирлик кадрлар бошқармаси ҳамда ички аудит ходимлари томонидан кўрсатилган ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар Учтепа тумани мактабгача таълим бўлими ходимлари ва мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) мудиралари билан яккама–якка суҳбатлар ўтказилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида аноним мурожаатчи томонидан келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топмади.

МТВда вазир бошчилигида ҳамда ушбу туман МТТ мудиралари иштрокида ўтказилган йиғилишда, туман мактабгача таълим тизими ходимлари келтирилган маълумотлар туҳмат эканлигини якдиллик билан тасдиқладилар.

Ўз ўрнида шаъни, қадр–қимматини қуруқ туҳмат, ҳақоратлардан ҳимоя қилиш, ушбу ишларни амалга оширишда ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётган шахсни аниқлаш ва уни қонуний жазога тортиш мақсадида Учтепа тумани мактабгача таълим бўлими мудири Наргиза Хонтўраева туман прокуратураси ҳамда ИИБга ариза билан мурожаат қилди.

МТВ ташкил топган кунидан бошлаб коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бормоқда ва бу ишлар изчил давом эттирилади. Биз фактлар билан тасдиқланган, асосли мурожаатларни кўриб чиқишга ва улар бўйича дарҳол чоралар кўришга тайёрмиз. Аммо, ўз ходимларимизни асоссиз туҳматлардан ҳимоя қилиш ва бу йўналишда барча қонуний чоралардан фойдаланишимизни маълум қиламиз.

Ҳурматли фуқаролар ижтимоий тармоқлар айни кунда ошкоралик майдони бўлиб хизмат қилиши билан бирга, баъзи ғаразгўй инсонлар учун ўч олиш қуролига айланмоқда. Шунинг учун ҳам, сизларни тарқалаётган ҳар бир маълумотга босиқлик билан, таҳлилий муносабатда бўлишга чақирамиз.

P.S. Ижтимоий тармоқларда касб вазифасини бажараётган шахсларга нисбатан айрим фуқаролар томонидан куч ишлатиш ҳолатлари акс этган видеоёзувлар, турли ҳақоратли постлар тарқалмоқда. Бундай ҳолатда қонунчиликда қуйидаги жавобгарлик кўзда тутилганлигини эслатамиз:

Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни содир этиш жавобгарликка (http://lex.uz/docs/111453#202233) сабаб бўлади.

Хусусан, бундай ноқонуний ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан:

– қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этиш – 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан;

– қасддан баданга оғир шикаст етказиш – 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

– қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш – 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

– ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш – 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

– ҳақорат қилиш – энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.