Тошкент шаҳрида 103 ва 307 мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган текширув натижалари

19 февраль куни Мактабгача таълим вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ота-онанинг Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 307-сон МТТдаги озиқ-овқат сифати қониқарсизлиги ҳақида шикоят келиб тушди.

Бир кун аввал, Facebook тармоғининг Потребитель.уз гуруҳида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги 103-сон МТТдаги озиқ-овқат сифати юзасидан эътирозли хабар эълон қилинган эди. Мазкур эълонда, пойтахтдаги 103-сон МТТда хомгўштли котлетлар ва моғорлаган нонлар берилаётгани таъкидланганди.

Иккала МТТда ҳам болалар овқатланиши аутсорсинг орқали ташкил этилган.

Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармаси мутахассислари зудлик билан арзларга эътибор қаратишди ва 307- ҳамда 103-МТТларга текширув билан боришди.

Ўрганишлар натижасида аниқланишича, 307-МТТда болаларга бошқа таом тайёрлангани ҳолда, таомномада умуман бошқа овқат номи қайд қилинган, сут ачиган бўлган. Шу муносабат билан жойида таомномадаги озиқ-овқат маҳсулотларини алмаштириш бўйича акт тузилди. Техник сабаб туфайли ишламаган гўшт қиймалагич жойида тузатилди. Мактабгача таълим бош бошқармаси ходимлари томонидан аутсорсинг компанияси директори ва МТТ ходимларига тушунтириш ишлари олиб борилди. Айни вақтда МТТни озиқ-овқат билан таъминловчи аутсорсинг компаниясига нисбатан чоралар масаласи кўриб чиқилмоқда.

103-МТТда ходимлар қуйидагиларни аниқлашди:

– Нон янги келтирилган бўлиб, ишлаб чиқарилган санаси сифатида 19.02.2020 йил кўрсатилган.

– Пицца сурати эски, чунки сўнгги маротаба пицца 2019 йил кузида, тушдан кейинги тановул учун тайёрланган. Пиццада болалар истеъмол қилиши тавсия қилинмайдиган маҳсулотлар борлиги боис, болалар боғчасида пицца тайёрлаш тўхтатилган. Маълумот эълон қилинган санада (18.02.2020й.) тушдан кейинги таом учун сузмали парамач берилган, 19.02.2020й. куни – мурабболи берилган.

Хомгўштдан фойдаланиш факти тасдиқланмади. Ота-оналар билан котлетларни тайёрлаш технологияси бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди (қовуриб олиш, духовкада пишириш). Шунингдек, болалар таомларини тайёрлашда ҳар қандай бўёқ ва зираворларни қўллаш тақиқлангани боис, котлетларда озуқавий бўёқлардан фойдаланишга асос йўқлиги билдирилди. 20.02.2020й. ота-оналар учун котлет тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ўтказилди, ота-оналар, котлетлар хавфсизлигига ва талабларга жавоб беришига ишонч ҳосил қилишди.

– Ота-оналар ўтказилган учрашувлар ва суҳбатлардан сўнг, масаланинг кўриб чиқилишидан қониқиш ҳосил қилишди ҳамда 103-сон МТТ бўйича тармоқда раддия беришга розилик билдиришди.

103-сон МТТ Кузатув кенгашига аутсорсинг компанияси ва МТТ раҳбарияти билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш таклиф қилинди.