Тошкентда Герцен номидаги РДПУ филиали очилади

2020 йил 21 январь куни Санкт-Петербург шаҳрида А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида Тошкент шаҳрида Герцен номидаги РДПУ филиалини ташкил этишга доир Келишув имзоланди. Имзолаш маросими ўзбек делегациясининг Россия Федерацияси энг кекса университети раҳбарияти билан икки кунлик музокараларидан сўнг бўлиб ўтди.

Филиал Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига халқаро стандартлар асосида таълим дастурларига мувофиқ мактабгача таълим,коррекциявий педагогика, психология ва бошқа йўналишлар бўйича юқори малакали мутахассисларни етказиб беради. Келишувда филиалнинг 2020-2021 ўқув йилидан ишга туширилиши назарда тутилган.

Филиал бакалавриат ва магистратурадан ташқари, малака ошириш ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш дастурларини ҳам ҳаётга татбиқ этади. Унда кадрларни таълимнинг кундузги ва сиртқи, шунингдек, таълимнинг аралаш шаклида (blended learning) тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Филиал битирувчиларига Герцен номидаги РДПУни тугатганлиги тўғрисида диплом берилади. У Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади.

Герцен номидаги РДПУга 1797 йилда асос солинган бўлиб, Россиянинг етакчи олий педагогика муассасаси ҳисобланади. Университет таркибига 5та илмий-тадқиқот институти, 12та институт (шу жумладан, Болалик институти, Дефектологик таълим ва реабилитация институти, Театр, мусиқа ва хореография институти ва б.), 11 факультет киради.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири А. В. Шин раҳбарлигидаги вазирлик делегацияси 19-23 январь кунлари ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрида (Россия Федерацияси) бўлиб турибди. Бундан кўзланган мақсад, филиални ташкил этиш тўғрисидаги келишувни имзолаш, ташкилий масалаларни муҳокама қилиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда ижтимоий овқатланишни ташкил этиш каби соҳаларда Россия тажрибасини ўрганишдир.