Тошкентда яна бир модулли мактабгача таълим ташкилоти очилди.

Модулли МТТ лойиҳасининг тақдимоти 2019 йил октабрь ойида бўлиб ўтган эди. Ўтган икки ой ичида лойиҳа тўлақонли ишга туширилди. Куни кеч навбатдаги модулли МТТ Шайхонтохур туманидаги 468-сонли мактабгача таълим ташкилотида ўрнатилди. У бир-бирига уланган бир нечта денгиз контейнеридан иборат бўлиб, кичкинтойлар учун қулай мебель жиҳозлари, болаларнинг ақлий салоҳиятини ривожлантирувчи ўйинчоқлар ва ўқув материаллари билан жиҳозланган бўлиб, кенг ўйин майдончасига эга.

Модулли бинолар экологик тоза, соғлик учун хавфсиз материаллардан тайёрланган ва ҳар қандай иқлим шароитида мўътадил ҳароратни сақлашга имкон берувчи қўшимча иссиқлик изоляцияси билан қопланган. Шунингдек, мутахассислар томонидан хавфсизлик яъни тезкор эвакуация чоралари ҳам пухта ишлаб чиққан. Бинолар электр энергияси, сув таъминоти, кондиционер, иситиш ва ёнғиндан ҳимоя қилиш тизимлари билан жиҳозланган. Қулай ва енгил вазнли йиғма кроватлар тўлиқ кунлик гуруҳлар учун тақдим этилган.

“Модулли мактабгача таълим ташкилотларини жорий этилишига, бўш ўринларнинг тақчиллиги сабаб бўлмоқда. Маълумки, янги мактабгача таълим ташкилотини барпо қилиш учун кўп вақт ва маблағ талаб этилиб, бюджетдан ажратиладиган маблағ сабабли бундай МТТларнинг сони чегараланган.

468 МТТ қошида ташкил этилган ушбу модулли гуруҳ қўшимча 120 нафар болага мактабгача таълимдан фойдаланиш умконини беради”– дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Модулли бинода иккита тўлиқ кунлик гуруҳ ва 2 смена ишлайдиган қисқа муддатли битта гуруҳ фаолият юритади. Ҳар бир гуруҳга тарбиячи педагог ва ёрдамчи тарбиячи тайинланади.

Модулли МТТ бир қатор афзалликларга эга:

  • Бинони қўшимча контейнерларни бириктириш эвазига кенгайтириш мумкин;
  • ихчамлиги сабабли ҳар қандай инфратузилма билан мослашади;
  • зарур ҳолларда демонтаж қилиниб ва бошқа жойга кўчириш мумкин;
  • қурилишда замонавий материаллардан фойдаланганлиги туфайли қиммат капитал таъмирлаш талаб этилмайди;
  • Ҳозирги кунда Сурхондарё (Сангардак қишлоғи) ва Тошкент вилоятида (Бўстонлиқ тумани) ҳамда пойтахтимизнинг айрим туманларида (Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек туманлари) модулли биноларда гуруҳлар фаолият олиб бормоқда.