Вазирнинг Давлат тили кунига табриги

Агриппина Шин,

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири:

Мамлакатимизда 21 октябрь санасининг Ўзбек тили байрами куни”сифатида кенг нишонланиши Ўзбекистон фуқароси, шу халқнинг бир вакили сифатида мени ҳам ниҳоятда хурсанд қилади. Давлат тили халқимизнинг руҳини кўтаради, бирдамлигини, жипслигини оширади. Ушбу байрам барча юртдошларимизнинг қалбларида қувонч ва ғурур ҳисларини уйғотади, чунки ўзбек тилида буюк алламоларимиз бўлган – Алишер Навоий, Захириддин Мухаммад Бобур, Абдурауф Фитрат ва Абдулло Қодирий сўзлашган ва ижод қилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилгани туфайли ўзбек тили мамлакатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланган.

Кейинги йилларда ўзбек тилининг ҳаётимиздаги ўрни, жамиятдаги мавқеи юксалиб бормоқда. Уни том маънодаги миллий қадриятга айлантириш борасида кенг миқёсдаги ишлар амалга ошириляпти.

Бугун турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимизнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Нуфузли халқаро анжуманлар ва тадбирлар давлат тилида олиб бориляпти.

Баъзан турли тадбирларда ўзбек тилида сўзласам, кўпчилик ҳайрон бўлиб боқишади. Аслида, бу ҳеч қандай ҳайратланарли ҳолат эмас. Чунки Ватанимизда ўзбек тили — давлат тили, уни ўрганиш ва истефода этиш учун барча шарт-шароит яратилган. Шу билан бирга, ҳар бир миллатнинг ўз она тилида сўзлашиш ҳуқуқи ҳам қонун билан кафолатланган. Зеро, тил миллатнинг жони бўлса, халқнинг бебаҳо мулкидир.

Давлат тили қанчалик ривож топса, халқимизнинг маънавияти шунчалик юксак бўлади.

Халқимизни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.