“XXI ASR” ижтимоий-сиёсий газетасидаги мақола юзасидан расмий муносабат

Мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг бошланғич бўғини бўлиб, унинг мақсади боланинг соғлом, ҳар томонлама ривожланган ва эркин шахс сифатида шакллантириш, болаларнинг қобилиятларини очиб бериш, таълим олишга бўлган интилишини тарбиялашдир. Ёши ва индивидуал хусусиятлари, ривожланиш даражаси ва соғлиғини ҳолатига асосланиб ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларни ўқитиш, тарбиялаш, нуқсонларни коррекция қилиш ва ижтимоий мослаштиришга қаратилган мақбул шароитларни яратиш учун давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
2019 йил 13 майдаги 391-сон қарорининг 2-бандида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республика давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ўрганишни таъминлаш ва ўрганиш якунига кўра Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мақбуллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг малакали мутахассислари томонидан ҳудудий вилоятлар ҳокимлигининг мактабгача таълим бошқармаси ҳамкорлигида 2019-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги, шу жумладан 2019 йил декабрь ойида Хоразм вилоятидаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари (КТИМТТ) фаолияти юқорида келтирилган Хукумат қарори талаблари асосида тўлиқ таҳлил қилинди.

Таҳлил натижалари, нутқида оғир нуқсонлари бўлган болаларга мўлжалланган КТИМТТларда 70% дан 94%гача бўлган тарбияланувчиларда ушбу ташкилотларга йўллаш учун асос бўладиган тиббий кўрсатмасининг рўйхатига тўғри келадиган нутқида оғир нуқсонлари мавжуд эмаслигини кўрсатди. Таянч-ҳаракат тизимида оғир нуқсонлари бўлган болаларга мўлжалланган КТИМТТларда деярли 80%дан ошиқ тарбияланувчиларда ушбу ташкилотларда таълим олиш учун асос бўладиган таянч-ҳаракат тизимининг тегишли касалликлари аниқланмади.

Юқоридагиларга асосланиб хулоса қилиш мумкинки, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларга ёрдам бериш учун мўлжалланган КТИМТТнинг кўпида соғлом болалар тарбияланмоқда.

Жумладан, Урганч шаҳридаги 6-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти 180 ўринга эга умумий қуввати 12 та гуруҳга мўлжалланган бўлиб, ўрганиш вақтида ушбу гуруҳларда рўйхат бўйича жами 85 нафар тарбияланувчи қатнаган ва бу умумий қувватга нисбатан 47,2% ташкил этган, қолган ўринларнинг 52,8% фойдаланилмасдан келинган.

Рўйхатдаги 85 нафар тарбияланувчилар қайта тиббий-психологик-педагогик кўрикдан ўтказилганда 69 нафарида (81,2%) ушбу ихтисослаштирилган ташкилотга қабул қилиш учун асос бўладиган тиббий кўрсатмалар (ташҳис) тасдиқланмаган.

Шунингдек, хар бир бола учун коррекцион-педагогик ва реабилитация тадбирларни ишлаб чиқиш ва унинг натижаларини тизимли мониторинг қилиш бўйича ташкилотнинг ички тиббий-психологик-педагогик кенгаши фаолияти юритилмаган.

Таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини лозим даражада мақбуллаштириш, шу жумладан Урганч шаҳридаги 6-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотини умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилоти турига ўтказилиб, қайта ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасида давлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ваколатларидан бири этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари сифатида белгиланган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг
2020 йил 27 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 186-сон буйруғи қабул қилинди. Бунда:

умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари турига ўтказилаётган давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига юқорида қайд этилган Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган тартибда тиббий-психологик-педагогик комиссияси томонидан берилган хулосаси асосида қабул қилинган тарбияланувчиларни ўтказилган коррекцион-педагогик ва реабилитация тадбирларининг натижаларига асосланиб, қонуний вакиллари хоҳиши билан тегишли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига ўтказиш ёки болани ушбу эндиликда умумий типдаги мактабгача таълим ташкилотда қолдириб
(коррекцион-педагогик тадбирларни ўтказиш учун умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотларда ўқитувчи-логопед/дефектолог штати киритилган), таълим олишини давом эттириши;

қайта ташкил этилиши билан боғлиқ ҳолатда ходимларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилиши;

давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тармоғинининг лозим даражада мақбуллаштириш натижасида бўшаб қолган маблағлар хисобига фаолиятдаги кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун зарур реабилитацион жиҳозлар ва коррекцион-педагогик воситалар билан таъминлаши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, мазкур буйруқни COVID-19 пандемияси даврида мактабгача таълим ташкилотларининг иш фаолияти тўхтатилганлиги, ушбу даврида тиббий-психологик-педагогик комиссиялари фаолият кўрсатмаганлиги ва давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларга қабул амалга оширилмаганлиги, ходимлар масофавий услубда фаолият кўрсатаётганлиги сабабли 2019-2020 ўқув йили тугаганидан кейин қабул қилишга эпидемиологик ҳолатдан келиб чиққан ҳолда имконият бўлмаганлиги маълум қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг мутахассисларидан иборат бўлган ишчи гуруҳи томонидан 2020 йилнинг 16-18 декабрь кунлари Ургенч шаҳридаги 6-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотининг фаолияти қайта ўрганиб чиқилди ва тарбияланувчи болалар Хоразм вилояти болалар қўп тармоқли тиббиёт марказида тиббий-психологик-педагогик текширувидан ўтказилди.

Жумладан, рўйхат бўйича 103 нафар тарбияланувчидан фақатгина 55 нафар (54%) тарбияланувчи (қолган 48 нафар тарбияланувчи ва уларнинг ота-оналари икки кун давомида ўтказилган текширувга ташкилот томонидан тарбияланувчиларнинг давоматини ва иштирокини таъминлаб бераолмаганлиги сабабли келишмади) ота-онаси ва ташкилотнинг ходимлари иштирокида текширувдан ўтказилиб, натижасида атиги 18 нафарида (31,5%) ихтисослаштирилган ташкилотга қабул қилиш учун асос бўладиган тиббий кўрсатмалар (ташхис) тасдиқланди, қолган 37 нафар (67,2%) тарбияланувчида ихтисослаштирилган ташкилотда таълим-тарбия олиш учун асос бўладиган тиббий кўрсатмалар (ташхис) мавжуд бўлмаганлиги аниқланди.

Шу билан бирга, текширув давомида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан тарбияланувчиларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилди
ва келгусида қайси турдаги мактабгача таълим ташкилотда таълим олишлари мумкинлиги бўйича тегишли тавсиялар берилди ҳамда ўрганиш якунида 6-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотининг раҳбар ва педагог ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди ва йиғилиш давомида барча саволларга жавоб берилди ҳамда кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларининг тармоғини мақбуллаштириш даврида иш билан таъминлаш тартиби бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Бундан ташқари, ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар учун давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларининг тармоғини лозим даражада мақбуллаштириш жараёнида қайта ташкил этилиши билан боғлиқ ҳолатда ходимларни иш билан таъминлаш чораларини кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг 2020 йил 30 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикаси
ва вилоятлардаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 213-сон буйруғи қабул қилинди.

Мазкур буйруққа асосан давлат мактабгача таълим ташкилотларида мавжуд ўқитувчи-логопед/дефектолог штат бирликлари ҳамда ушбу лавозимларда ишлаб келаётган ходимлар тўғрисида маълумотлар тайёрланиб, 2021 йил 1 февралдан лавозимлари (штатлари) қисқарадиган ходимларни ҳудудлардаги тегишли давлат мактабгача таълим ташкилотларига ишга жойлаштириш чоралари кўрилаётганлиги маълум қилинади.

Ушбу қадам, авваламбор, ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари  бўлган ҳамда педагогик–коррекцион ёрдам ва реабилитацияга муҳтож болалар учун керакли шароит яратилишига қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган комплекс текширув, қатор ихтисослаштрилган мактабгача таълим ташкилотлардаги тарбияланувчиларнинг 70% дан 94% гачаси соғломлиги ва уларни умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотларга ўтказиш мумкинлигини кўрсатди. Айнан мана шу ташкилотларни болалар ва уларнинг ота–оналари манфаатини ҳисобга олган ҳолда, умумий типдаги мактабгача таълим ташкилотларга айлантириш қарори қабул қилинди. Мактабгача таълим вазирлиги баъзи ота-оналар учун яшаш жойи яқинидаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотидан узоқроқда жойлашган бошқа давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига фарзандларини кўчиришига тўғри келишини яхши тушунади. Аммо, вазирлик томонидан амалга оширилаётган тадбирлар, ривожланишида нуқсонлари бўлган фарзандларига сифатли, тўлақонли ва ҳар томонлама самарали коррекцион-педагогик ва реабилитацион ёрдамни олишига эга бўлиши эвазига, бу камчилик ўзини тўла оқлай олишига ишонамиз.