Яккасарой туманидаги “Эртакжон” номли 150-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти очилди.

Тошкен шаҳар, Яккасарой туманидаги “Эртакжон” номли 150-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти Яккасарой туман хокими ҳамда прокуратураси ташаббуси билан ҳомийлик асосида реконструкция ишлари олиб борилиб, фойдаланишга топширилди.

“Эртакжон” номли давлат мактабгача таълим ташкилоти 12 гуруҳдан иборат бўлиб, 360 ўринга мўлжалланган, ушбу ташкилотни реконструкция қилиш учун Яккасарой туман ҳокимининг тегишли қарорлари асосида маҳаллий бюджетдан жами 3 млр. 152 млн. сўм маблағ ажратилди.

Жорий таъмирдан сўнг мактабгача таълим ташкилотида болажонлар учун алоҳида овқатланиш хоналари, замон талабларга мос равишда жиҳозланган ёпиқ спорт ўйингоҳи, спорт майдончаси, тарбияланувчиларда йўл ҳаракати қоидаси кўникмаларини ривожлантириш мақсадида автодром, ёзги соғломлаштириш даврини янада мароқли ўтказиш имкониятини берувчи  сузиш ҳавзаси қурилган. Шу билан бирга болажонларни спортга бўлган қизиқишларини инобатга олиб, шахмат йўлакчалари барпо қилиниб,  болалар айвончалари қайта таъмирланди.

Шунингдек, юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ташкилотда тўгараклар учун алоҳида бино қурилиб, ушбу бинода мактабга тайёрлов гуруҳлари ҳамда пуллик хизматни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Мактабгача таълим ташкилотининг очилиши ҳудуд аҳолисининг қолаверса, ота-оналарнинг қувончига сабаб бўлганлигини алоҳида эътироф этиш жоиздир.

 

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати