Жаҳон банки 73.85 млн АҚШ долларини 2020-2024 йиллар давомида Ўзбекистоннинг “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳасига ажратади.

Жорий йилнинг 24-26 март кунлари, Жаҳон банки ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованеллининг мамлакат ҳудудларида Банкнинг молиявий кўмаги билан амалга оширилаётган турли ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш мақсадида, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларига ташриф буюрди.
Саёҳат доирасида жаноб Мантованелли Жиззах шаҳридаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, у ерда ташкилот фаолияти билан танишди.


Ҳозирги кунда Мактабгача таълим вазирлиги Жаҳон Банки билан ҳамкорликда “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиханинг умумий қиймати 73.85 млн $ни ташкил этади, лойиҳа 2020-2024 йилларда амалга оширилади.
Лойиҳа мақсади мактабгача ёшдаги болаларнинг эрта ёшдан таълим олиш имкониятларини яхшилаш, давлатга қарашли мактабгача таълим ташкилотларида таълим муҳити сифатини ошириш ва асосли қарорлар қабул қилиш учун таълим сифатини тизимли равишда баҳолаб бориш имкониятларини яратишдан иборат.
Лойиха доирасида 14 мингта педагогнинг малакаси оширилади ва 700 та мастер-тренерлар тайёрланади, 10800та тайёрлов гуруҳлари мебель билан жиҳозланади, ДМТТларга ноутбук ва принтерлар олиб берилади, вазирлик ҳузурида нашриёт ташкил этиш учун махсус ускуналар харид қилинади. Шунинг билан бирга мактабгача таълим сифатини баҳолашга мўлжалланган халқаро MELQO инструменти жорий қилинади ва мослаштирилади. Ундан ташқари марказий Осиёда биринчи бор инновацион молиялаштириш воситаси сифатида ижтимоий облигациялар жорий қилинади, унинг асосий мақсади соҳада хусусий сектор билан ҳамкорликни кучайтириш бўлиб, унда 140 та ДХШ асосида фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари иштироки кўзда тутилган.


Aйни пайтда Жаҳон банки ҳукуматга 24 та лойиҳани амалга оширишда молиявий ва техник ёрдам кўрсатмоқда. Улар макроиқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя тизимлари, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришда, шунингдек CОВИД-19 пандемиясининг фуқаролар ва иқтисодиётга таъсирини юмшатишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Банк томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар таҳлилий тадқиқотлар ва маслаҳат хизматлари билан тўлдирилади. Ҳукумат улардан турли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фойдаланади.