Журналистлар Имконда

Мазкур кўп тармоқли давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти Оролбўйи минтақаси болаларининг реабилитацияси учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 августдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Ташкилот 2019 йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширилган. Қурилиш ишларига 19 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган бўлиб, бу ерда мактабгача таълим ташкилоти ҳамда реабилитация маркази мавжуд.

120 ўринли ушбу ташкилот Оролбўйи болаларининг ҳаёт тарзини яхшилаш, соғлигида нуқсони бор мактабгача таълим ёшидаги ўғил-қизларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам турларини кенгайтириш, уларни ижтимоий ҳаётга фаол мослаштиришга кўмаклашади.

Ташкилотда тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосаси асосида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган эшитиш, кўриш, таянч-ҳаракат тизими, психик ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар қабул қилиниб, бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотида
10 та гуруҳда таянч-ҳаракат тизими, психик ва нутқий ривожланиши ва эшитишида нуқсони бор 120 нафар бола таълим-тарбия олиб соғломлаштирилмоқда. Ҳозирги кунга қадар жами 240 нафар тарбияланувчилар таълим-тарбия олишди.

Реабилитация марказида 2 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар қатнаб даволанишади. Ҳозирги кунда 537 нафар бола реабилитация марказига тиббий-психологик-педагогик комиссия йулланмаси билан рўйхатдан ўтган ва шу кунгача жами, 846 бола реабилитация курсларини олган, ўтган давр ичида мактабгача таълим ташкилотида  47 нафар бола соғломлаштирилиб давлат мактабгача таълим ташкилотларига ва мактабларга ўтказилди ҳамда 32 нафар қатнаб даволанувчи болаларда ижобий ўзгаришлар қайд этилди.

Ташкилот хоналари миллий услубда, турли ўйинчоқлар ва эртак қаҳрамонлари макетлари билан безатилган. Реабилитация марказида аудио синф, сезиш муолажа хонаси, физиотерапия, массаж, жисмоний машқлар, мусиқа ва эртак билан даволаш, ижтимоий мослашув хоналари, бассейн мавжуд. Невропатолог, психоневролог, ортопед, педиатр, окулист, дефектолог, психолог каби тор мутахасислар болалардаги нуқсонларни аниқлаб, уларга зарур тиббий хизмат кўрсатади.

Ташкилотнинг реабилитация марказида, болалар замонавий тиббий реабилитацион ускуналар, шунингдек, жисмоний машқлар, гидромассаж ёрдамида соғломлаштирилади. Мослаштирилган ўқув дастури асосида ҳар бир болага индивидуал ўқув маршрути тузилган бўлиб, тиббиёт ва педагог ходимлар улар орқали тиббий реабилитация ва ижтимоий мослашувга қаратилган даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш орқали болалар ривожланишидаги нуқсонларни бартараф этишмоқда.

Ташкилот ошхонаси Жанубий Кореядан келтирилган замонавий ошхона ускуналари ва экологик тоза идишлар билан таъминланган бўлиб, болаларимиз соғлом овқатланиш меъёрларига қатъий амал қилинган ҳолда ва махсус меню асосида кунига 5 маҳал овқатлантирилади.

Ташкилотда Автотест майдончаси, ўйин майдончалари, футбол ва баскетбол майдончалари мавжуд.

Ташкилот ходимлари Жанубий Корея, Россия Федерацияси каби давлатларда малакаларини ошириб келишди ва олган билим,  кўникмаларини иш фаолиятида қўллашмоқда.

Ушбу ташкилотда фаолият юритаётган мутаххассислар Корея халқаро хамкорлик агентлиги, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан тажриба алмашиш фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, доимий равишда Россия Федерациясидан реабилитация ускуналари  бўйича экспертлар ташкилот ходимларига бевосита эмлаш  ва реабилитация жараёнларида билимларини оширишда ёрдам бериб келмоқда.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати