Онгли ота-оналикка бағишланган ойлик

Онгли ота-оналикка бағишланган ойлик болалар янада сифатли ҳаёт кечиришлари учун ота-оналарнинг билимларини ошириш ва кўникмаларини такомиллаштиришга ёрдам беради.

Жорий йилнинг октябрь ойидан 20 ноябргача УНИCЭФ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда ижтимоий тармоқларда онгли ота-оналикка бағишланган кампанияни ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бир ой давомида УНИCЭФ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари ижтимоий тармоқларида ота-оналарга болалар тўлақонли ва ҳар томонлама ривожланиши учун қандай қилиб энг яхши шароитларни яратиш ҳақидаги маслаҳатларини берадилар.


Табиийки, ота-оналарнинг аксарияти фарзандлари учун имкон қадар энг яхши шароитларни яратишга ҳаракат қиладилар. Шундай бўлсада, замонавий тарбиялаш усулларидан фойдаланишга имкон бермаётган қатор тўсиқлар мавжуд.

«Муаммолардан бири шундан иборатки, дўстлар ва қариндошлар яхши ниятда, болаларни озиқлантиришдан бошлаб эмлашгача бўлган масалалар бўйича турли хил маслаҳатларини беришлари мумкин. Бироқ ижтимоий тармоқларда берилаётган нотўғри ахборот боланинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — дейди УНИCЭФнинг саломатлик ва озиқланиш масалалари бўйича мутахассиси Фаҳриддин Низамов.

«Янги туғилган чақалоқлар ҳаётининг дастлабки 1000 кунида ҳамда боланинг олти ёшгача бўлган даврида парваришлашнинг нотўғри усулларини қўллаш уларнинг узоқ муддатли жисмоний ва когнитив ривожланишини сезиларли даражада секинлаштириши мумкин. Бундан ташқари, глобал CОВИД-19 пандемияси ва у билан боғлиқ карантин чекловлари ҳам болалар ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши ва бунинг оқибатлари балоғат ёшида ҳам ҳис этилиши мумкин».

Ушбу ойда УНИCЭФ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилишнинг самарали усуллари ва уй шароитида ушбу усуллардан фойдаланиш йўллари тўғрисида ота-оналарга сўзлаб берадилар. Ижтимоий тармоқлардаги нашрлар болаларнинг ёшига мувофиқ бўлган тўғриозиқланиш, жумладан янги туғилган чақалоқларни фақат кўкрак сути билан боқиш; болага меҳр бериб ғамхўрлик қилиш муҳитини яратиш усуллари; эмлашни режалаштириш; боланинг ривожланиш босқичлари; болалар касаллигидан дарак берувчи белгилар; масъулиятли тарбия ва ўйинларнинг бола учун аҳамияти каби масалаларга бағишланган .

Миллий ва халқаро экспертлар тавсияларига мувофиқ болаларни тарбиялаш аҳамиятини тушуниш ва бу масалада қарорларни қабул қилишда кўмаклашиш Ўзбекистоннинг кичик фуқаролари ҳаётини сифат жиҳатдан яхшилашга ҳамда улар бахтли ва тўлақонли вояга етишлари учун мустаҳкам пойдевор яратишда ёрдам беради.

Ижтимоий тармоқлар орқали бутун мамлакат бўйлаб ота-оналарни жалб қилиш

УНИCЭФ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали ота-оналар ва васийлар билан мулоқот қилишда самарали ёндашувларни ишлаб чиқдилар ва бу билан улар учун нафақат долзарб ва аниқ маълумотларга эга бўлиш, балки ота-оналарни ташвишлантирадиган муаммоларни тақдим этиш ва ҳал қилишга имкон яратдилар.

Жорий йилнинг 20 октябрь куни оммабоп телевизион каналларда ота-оналар учун мўлжалланган кўрсатув намойиш этилди. Мазкур кўрсатув доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги экспертлари болаларнинг эрта ёшидаги саломатлиги ва озиқланиши бўйича ота-оналар томонидан берилган саволларга жавоб бердилар. Мактабгача таълим вазирлигининг мутахассислари мактабгача таълимнинг муҳим аҳамиятини ва ота-оналар ўз фарзандларининг илк ёшда таълим олишини фаол қўллаб-қувватлашда қанчалик муҳим роль ўйнашларини яна бир бор таъкидладилар.

Ушбу телекўрсатувларга қўшимча равишда, УНИCЭФ миллий ҳамкорлар билан биргаликда ижтимоий тармоқлар ва телевидение орқали кенг тарғиб қилиш учун 11 та қулай ва тушунарли видео маҳорат дарсларини яратдилар.

«Ушбу маҳорат дарслари Ўзбекистонда кўп учрайдиган болалар эрта ривожланиши соҳасига мансуб айрим муаммоларни қамраб олган. Мазкур видеороликлар ота-оналарни мактабгача таълимнинг аҳамиятини янада теран англашга ундайди», — дейди УНИCЭФнинг эрта ривожланиш ва мактабгача таълим масалалри бўйича маслаҳатчиси Вазира Назарова.

«Мактабгача таълим ташкилоти кун давомида болалар учун фақатгина кўнгил очиш жойи эмас. Бу ҳаёт учун муҳим ижтимоий ва когнитив ривожланиш, мулоқот кўникмаларини орттириш ҳамда боланинг ижодий ва жисмоний ривожланиши маконидир. Ота-оналар ўз фарзандларининг жисмоний саломатлиги билан бир қаторда улар узоқ вақт шахс сифатида шаклланишини ҳам албатта кузатиб боришлари лозим».

Онгли ота-оналик ойлигининг якунида Беббо инновацион мобил илова ишга туширилади. Ўзбекистонда бу турдаги биринчи рақамли восита ота-оналарга болаларнинг ўсиши, ривожланиши ва фаровонлигини қўллаб-қувватлаш борасида ўз вақтидаги ва сифатли тавсияларни тақдим этади. Ҳали ҳам давом этаётган CОВИД-19 пандемияси чекловлари сабабли ижтимоий хизмат кўрсатувчилар билан бевосита мулоқотнинг иложи бўлмаган ёки мураккаблашган даврда бу айниқса муҳимдир.