Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг байрам табриги

Ассалому алайкум Ҳурматли Ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, энг буюк, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Фахр билан айтиш керакки, биз бугун жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга, иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, эркин фуқаролик жамияти сари дадил қадам ташлаётган келажаги буюк ва қудратли мамлакатда яшамоқдамиз. 29 йил давомида Сизлар билан давлатимизнинг порлоқ келажаги сари қадамлар қўйиб бормоқдамиз.

Хусусан, муҳтарам Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ниҳоятда улуғвор мақсадлар ўз ифодасини топган. Дастурий ҳужжат асосида Ўзбекистонни дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айлантириш, инсон манфаатларининг устуворлигини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилган. Унинг замирида халқнинг оғирини енгил қилиш, дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашдек эзгу ният мужассам.

Энг шарафлиси, фарзандларимизни етук ва баркамол инсон бўлиб тарбияланишида мактабгача таълим тизими қайта ислоҳ қилинди. Биз бугун болалар тарбиясини инновацион дастурлар асосида олиб бормоқдамиз. Чунки, ҳар бир фарзанднинг келажаги унинг ёшлигиданоқ олган билими ва тарбиясига чамбарчас боғлиқдир. Янги Ўзбекистоннинг ривожланиши йўлида болажонларимизни буюк инсон бўлиб камол топишида, ўз меҳнатимизни аямаймиз.

Барчангизни Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина ШИН