Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ҳамда AҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва “Меҳрибонлик корпуси” (“Mercy Corps”) ташкилоти вакиллари билан учрашуви, “Хавфсизлик учун озиқ-овқат” дастурини амалга ошириш бўйича “Mercy Corps” халқаро нотижорат ташкилоти билан Меморандум имзоланиш маросими тўғрисида

Жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда “Mercy Corps” халқаро нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ўртасида ўзаро МЕМОРАНДУМ имзоланди. Мазкур меморандум доирасида Ўзбекистонда МакГоверн-Доул халқаро таълим учун озиқ-овқат дастури (кейинги ўринларда – Лойиҳа)ни амалга ошириш доирасида мактабгача таълим тизимида болалар овқатланиши соҳасида ҳамкорлик қилиш юзасидан ўзаро фикр ҳамда келишувлар алмашинуви ташкил этилди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига асосланади ва мувофиқлаштирилади. Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, Меморандум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги 4887-сонли “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига ва 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Маълумки, Мактабгача таълим вазирлигининг асосий вазифаларидан бири, соҳада ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборатдир. Mercy Corps Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда давлат мактабагача таълим ташкилотларидаги, тарбияланувчиларнинг соғлом овқатланиш шароитларини яхшилаш бўйича иш олиб боради. Шунингдек, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) томонидан молиялаштириладиган ва Mercy Corps амалга оширадиган ушбу лойиҳа маҳаллий, минтақавий ва миллий даражадаги турли ҳамкорлар томонидан тарбияланувчиларнинг соғлом овқатланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида мавжуд ҳукумат ва ривожланиш бўйича ҳамкорларнинг ташаббусларига мос ҳамда уларга асосланган ҳолда мувофиқлаштирилганлиги билан ажралиб турди.
Тадбир давомида лойиҳанинг умумий қиймати 21 млн. 705 минг(йигирма бир миллион етти юз беш минг) АҚШ долларини ташкил қилиши, ҳамда мазкур рақамлар томонларнинг ўзаро келишуви асосида АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) томонидан тасдиқланган ҳолда ўзгартирилиши мумкинлиги хусусида сўз юритилди.
Лойиҳани амалга оширишда Томонлар тўғридан-тўғри, ваколатли ҳамкорлари ва вакиллари томонлар келишувига кўра иштирок этишлари мумкин. Ошхона, сув таъминоти ва канализация тизими инфратузилмасини такомиллаштиришига талаб бўлган 410 давлат мактабгача таълим ташкилотлари МТВ томонидан танлаб олинади. МакГоверн-Доул халқаро Таълим учун озиқ-овқат дастури доирасида Mercy Corps қўшимча 35 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида ошхона, сув таъминоти ва канализация тизими инфратузилмасини такомиллаштиришни амалга ошириш бўйича “ACTED” (Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги) билан ҳамкорлик қилади. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ушбу 35 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари танлаб олинади. Меморандумда Mercy Corps ва “ACTED” ўртасида ўзаро имзоланган грант шартнома лойиҳанинг ажралмас қисми ҳисобланиши таъкидланди. Тадбир сўнгида Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар тегишли мутасаддилардан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати.