“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти

“COVID-19″га қарши кураш бугун тамоман бошқа босқичга кўтарилди, қатъий тартиблар кундалик одатга айланиб улгурди –  карантин, ижтимоий масофа, ниқоб тақиш… Умуман, коронавирус турмуш тарзини кескин ўзгартиришга мажбур қилди: байрамлардан тортиб дафн маросимигача. Эндиликда шуниси аён, инсоният коронавирус билан бирга яшашга мажбур, ҳали ундан бутунлай халос бўлиш имкони тўлиқ маълум эмас.

Айни шундай шароитда соғлом жамиятни тиклаш, вирусга қарши жамоавий иммунитетни шакллантиришнинг энг оптимал ечими вакцина олиш эканлиги аллақачон исботланди.

Илм-фан ютуқлари натижасида яратилган вакциналар жамият томонидан доим ҳам тўғри қабул қилинмаяпти. Бундай вазиятда ҳукуматлар томонидан юқори хавф остида бўлган ижтимоий гуруҳларни мажурий вакцина қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Австралияда (https://www.reuters.com/world/countries-make-covid-19-vaccines-mandatory-2021-07-13/) жорий йил июнь ойини охирида карантинли меҳмонхоналарда кекса ёшдаги ишчилар ва хизматчилар учун COVID-19 вакцинаси билан эмлаш мажбурий қилинди. Токиога борадиган паролимпия спортчилари учун эмланиш мажбурий қилинган.

Англияда эса октябрь ойидан бошлаб “Қариялар уйи” ишчилари учун коронавирусга қарши эмлаш мажбурий бўлади.

2021 йил 12 июлдан Францияда барча соғлиқни сақлаш ходимлари, кинотеатрга борадиганлар ёки поезддан фойлананмоқчи бўлганлар эмланганлиги тўғрисида ҳужжатни ёки ковидга чалинмаганлиги бўйича салбий тест натижасини кўрсатиши шарт.

Қўшни Қозоғистонда 2021 йил июнь ойидан 20 дан ортиқ соҳада ишлайдиган одамлар мажбурий эмланган, эмлашдан бош тортганларда ҳафталик синовлар ўтказилган.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштириш мақсадида қатор чоралар кўрилмоқда.

Жорий йилнинг 2 августида Президент томонидан имзоланган Қонун билан Меҳнат кодексига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид кўшимча киритилди.

Шунингдек, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкин.

Ушбу нормаларнинг белгиланишидан асосий мақсад коронавирусга қарши вакцина олишни кенгайтириш орқали жамоавий иммунитетни ҳосил қилишдан иборат.

“COVID-19”га қарши эмланинг ҳамда ўзингиз, оила аъзоларингиз ва жамият саломатлигини асранг!

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати