Ўзбекистонда илк маротаба “Келажакка яшил қадам” номли Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган мактабгача ёшдаги болалар ўртасида велосипед марафони ўтказилди.

Мактабгача таълим вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Велоспорт федерацияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ) ўртасида имзоланган Меморандум доирасида замонавий беговел (педалсиз велосипед)лар Тошкент шаҳридаги 13 та мактабгача таълим ташкилотларига тажриба сифатида берилди. Педалсиз велосипеднинг асосий афзаллиги шундаки, ёш болалар учун мувозанат сақлашни ўрганиш осонроқ бўлади, бу эса оддий велосипедни ҳайдашга ўтишни осонлаштиради.

2021 йил 1-июнда Тошкент шаҳридаги Эко-боғ ҳудудида, «Келажакка яшил қадам» шиори остида 6 ёшгача бўлган мактабгача ёшдаги болалар ўртасида 1-велосипед марафони ташкил этилиб, унда 65 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари иштирок этишди. Ушбу тадбирда мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ҳамда велоспорт бўйича Ўзбекистон спортчилари иштирок этдилар, улар болаларга йўлдан ўтишда ёрдам кўрсатдилар.

Экологик ва жисмоний маданиятни тарбиялаш ва болалар ва ёшларни спортга оммавий равишда жалб қилиш масалалари доимо Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг диққат марказида бўлиб келмоқда.

Болалар велосипед марафонининг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил транспортдан фойдаланиш соҳасида барқарор кўникмаларни шакллантириш, шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар ўртасида велосипед спортини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда маданиятни шакллантириш, йўллардан кесиб ўтишда болалардаги ўзини тутиш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни шакллантиришдан иборатдир.

Бу каби – болалар велосипед марафони Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда биринчи марта ўтказилди.

Ўзбекистоннинг Велоспорт федерацияси ташаббуси билан келгусида республиканинг барча ҳудудларидаги мактабгача таълим ташкилотлари балансини велосипедлар билан босқичма-босқич таъминлаш ишлари олиб борилади ва жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиш учун барча зарур шароитлар яратилади.

Веломарафонда иштирок этаётган болалар медаллар, эсдалик совғалари билан тақдирландилар ва улар учун болаларнинг кўнгилочар дастури ташкил этилди, улар санъаткорлар билан биргаликда турли мусобақалар ва ўйинларда қатнашдилар.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати