12 та ДМТТ раҳбар ва ходимлари учун иссиқхоналардан самарали фойдаланиш бўйича ўқув семинарлари ташкил этилди

Мактабгача таълим тизимининг асосий мақсадларидан бири болаларга таълим бериш билан бир қаторда уларни соғломлаштириш, касалликларнинг олдини олиш, шу жумладан саломатлиги, ўсиши, ривожланиши, соғлом ва хавфсиз овқатланишини назорат қилишдир.

Шунингдек, болаларда экологик таълим ва соғлом овқатланиш одатларининг шаклланишида мактабгача таълим ташкилотлари муҳим роль ўйнайди. Ушбу мақсадларга эришишда ёрдам берадиган чора-тадбирлардан бири мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудида иссиқхоналар ташкил этишдир.

Экологик таълим болаларда қуйидаги кўникмаларни шакллантиради:

  • атрофдаги олам учун жавобгарлигни ҳис қилдириш;
  • боланинг табиатга бўлган қизиқишини ошириш;
  • ўсимликларга ғамхўрлик қилишни ўргатиш.

Мактабгача таълим ташкилотларининг иссиқхоналарида тарбияланувчилар ходимлар ёрдамида ўзлари витаминларга бой сабзавотлар ва меваларни етиштиришлари ҳамда ушбу маҳсулотлар ҳисобига ошхона менюсини бойитишлари мумкин бўлади.

Шу муносабат билан Mактабгача таълим вазирлиги БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 12 та давлат мактабгача таълим муассасалари (Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Наманган ва Фарғона вилоятлари) ҳудудида иссиқхоналарни ташкил этиш орқали давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш лойиҳасини бошлади.

Лойиҳа доирасида 12 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг (Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Наманган ва Фарғона вилоятлари) барча раҳбарлари ва масъул ходимлари витаминларга бой органик сабзавотлар ва меваларни етиштириш учун иссиқхоналардан самарали фойдаланиш бўйича ўқув семинарларида қатнашдилар.