Болага беговелда юришни қандай ўргатиш керак?

Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида велосипед спорт турини ривожлантириш юзасидан қатор вазифалар белгиланган.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари спорт билан шуғулланиши учун уларни замонавий беговеллар – болалар учун педалсиз велосипедлар билан таъминлаш, “Ўзбекистонда биринчи болалар веломарафони”ни ўтказиш бўйича меморандум имзоланганди.

Меморандум доирасида 2021 йилдан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларини босқичма-босқич беговеллар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги 13 та мактабгача таълим ташкилотига дастлабки 400 та беговел топширилди. Шу муносабат билан Яккасарой туманидаги 369-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида беговел етказиб берилган муассасалар тарбиячилари учун тренинг ўтказилиб, болани беговелга ўргатиш маҳорати ўргатилди, беговелнинг фойдали хусусиятлари, ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Беговелнинг асосий афзаллиги шундаки, – дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи Лейсан Хазиева. – Бола одатдаги педал велосипедга қараганда унда мувозанатни сақлашни ўрганиши осонроқ. Беговел боланинг мушак-скелет тизимини мукаммал даражада ривожлантиради. Беговелда бола танасини бошқаришни ва ҳаракатларини тезликда мувофиқлаштиришни ўрганади.

Лойиҳа доирасида мактабгача таълим муассасалари ўқитувчилари ҳамда ота-оналар учун “Болага беговелда юришни қандай ўргатиш керак?” номли услубий қўлланма ишлаб чиқилди. Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг тажрибали мураббийлари ҳамда маҳоратли спортчилари томонидан амалий машғулотлар олиб борилди.

– Болажонларни беговелга ўргатиш жараёнида уларнинг айримларида бироз ҳадик, баъзи бирларида қўрқув, ҳаяжон бўлди, – дейди Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоси Янина Кускова. – Аммо қизиқишлари устунлик қилиб, тезда беговелда юриш кўникмасини эгаллаб олишди. Ўйлайманки, улар тарбиячилари кўмагида бир-неча кунлик машқлардан сўнг, беговелни эркин бошқара олишади.