Бу юртнинг барча болалари эътиборда!

Ҳар қандай давлат сиёсатининг инсонпарвар тамойилларга асосланиши, жамиятда аҳолининг ногирон ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига яратилган шарт-шароитлар, уларнинг эркин, фаровон яшаши учун керак бўлган барча соҳадаги қўллаб-қувватланишлари билан белгиланади. Алоҳида ёрдамга муҳтож бўлган болаларнинг таълим олиш жараёнини ислоҳ қилиб бориш, ривожланиш даражасидан қатъий назар, ҳар бир давлат ва жамият олдида турган масаладир. Уларнинг ижтимоий ҳаётда муносиб тарзда ўз ўрнини топиши, бевосита иштирок этиши учун таълимни тўлақонли ўзлаштириши ҳамда унинг замирида муайян касб-ҳунарни эгаллай олиши лозим. Оддий шароитларда, мактабгача таълим тизимида камол топган, тиббий жиҳатдан соғлигида нуқсони бор бўлган болалар олган таълимининг даражаси уларнинг ижтимоий реабилитацияси, мослашуви ҳамда жамият ҳаётига самарали уйғунлашувининг муваффақиятига бевосита таъсир кўрсатади. Яъни мазкур таълим тизими шароитида билимларни эгаллаган, ижтимоий ҳаётда яшаш учун зарурий саналган кўникмалар ва касб-ҳунарни эгаллаган ҳар қандай ногиронлиги бўлган шахс ўзгаришлар жараёнига тез ва қулай мослашиб, шахсий ва оиласининг ҳаётини фаровонлаштириши орқали мамлакат аҳолиси турмуш даражасининг юқорилашувини таъминлайди. Шy жиҳат билан боғлиқ ҳолда таълим ташкилотларининг бугунги вазифаси алоҳида ёрдамга муҳтож болаларни ўз оиласи, маҳалласида ўсиб камол топишига қулай шароит яратиб бериш орқали замонавий билимлар, ҳаётга тўсиқларсиз уйғунлашиб кетишининг омили саналган ижтимоий малакалар билан қуроллантириш, мустақил равишда фаолият кўрсата олишга ўргатишдан иборат этиб белгиланмоқда.

Мактабгача таълим вазири ҳамда тегишли бошқарма бошлиқлари болажонлар учун коррекцион-педагогик ва реабилитация ускуналари билан Чилонзор туманидаги 289-сонли ва Қибрай туманидаги 34-сонли кўптармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюришди. Учрашувда болажонлар томонидан шеърлар, рақслар ижро этилди. Кўнгли кўтарилган қалби мурғак ширинтойларни кўрганда, инсон беихтиёр кўнгли шод бўлади. Тадбир сўнгида ҳар битта болажонга совғалар тақдим этилди. Айниқса, тадбирга ташриф буюрган ота-оналар томонидан айнан шундай болажонлар жамиятда ўз ўрнини топиши мақсадида қилинаётган саъй-ҳаракатлари учун миннадорчилик билдирилди. Албатта,  бу каби инсонпарварлик сиёсатининг давлат томонидан амалга оширилиши, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болаларни жамият ҳаётига фаол аралашуви, қолаверса жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши каби мақсадлар олға сурилаётганлигининг бевосита гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу каби юксак эътибордан ота-оналарнинг хурсандчилиги чексиздир, шу билан бирга фарзандининг эртаси учун давлат қайғураётганлигидан кўнгиллари тинч ва хотиржамлиги уларнинг чеҳраларидан англаш қийин эмас.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати