Саудия Тараққиёт Жамғармаси ва Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ҳамкорлик хронологияси: 2019 йил 23 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Aраб координацион гуруҳи фондлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 428-сонли қарори тасдиқланган.

Кредит шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқиш учун  Мактабгача таълим вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Aдлия вазирлиги ва Саудия Aрабистонини ривожлантириш жамғармаси вакиллари ўртасида бир неча маротаба видеоконференция орқали муҳокама қилинди ва 2020 йилнинг декабрь ойида Саудия тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ваколатли шахслари томонидан Кредит шартномаси имзоланди.

Лойиҳани амалга ошириш учун Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори ишлаб чиқилди. Aйни пайтда ҳужжат идоралараро келишувдан ўтган ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

Бугун Саудия Тараққиёт Жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг масъул ходимлари ўртасида “Давлат хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида учрашув бўлиб ўтди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 10.9 млн. АҚШ валютасида бўлиб, Саудия Тараққиёт Жамғармасининг кредит маблағлари ҳисобидан қопланади. Лойиҳа республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилади. Лойиҳа муддати: 2021-2023 йиллар давомида амалга оширилади.

Мазкур кредит маблағлари 40 та давлат-хусусий шериклик шартлари асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш мақсадида, тузилган келишувларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб, натижада 4,5 минг бола мактабгача таълим билан қамраб олинади (Умумий қамровни 0.5% га оширади).

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати