Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини замонавий эшитиш аппаратлари билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини жиҳозлаш дастури доирасида Республикада барча давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини зарур замонавий жиҳозлар билан жиҳозлаш босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Ушбу турдаги мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти ногирон болаларни, шу жумладан эшитиш қобилияти заиф болаларни ўқитиш, тарбиялаш ва реабилитация қилиш учун шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда «Замин» халқаро жамоат фонди томонидан болаларнинг ёшлигиданоқ эшитиш нуқсонларини ўз вақтида тузатиш, эшитиш нуқсонлари бўлган болаларни давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида ўқитиш ва тарбиялаш учун мақбул шарт-шароитларни таъминлаш зарурлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тиббий ва ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида «Эшитмоқчиман!» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2021 йил 23 ва 24 ноябрь кунлари 442-сонли, 46-сонли, 404-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини замонавий эшитиш аппаратлари билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишни ривожлантириш агентлиги томонидан «Замин» халқаро жамоат фонди кўмагида янги авлод эшитиш аппаратлари харид қилинди.

Шунингдек, айни пайтда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан «Замин» халқаро жамоат фонди кўмагида давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларининг аудио синфларини (ФМ тизимлари) жиҳозлаш учун илғор юқори технологияли ускуналар харид қилиш жараёни амалга оширилмоқда.