Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини коррекцион, педагогик ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш дастурининг иккинчи босқичи.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 2021 йил март ойида алоҳида эҳтиёжли болаларга самарали коррекцион, педагогик ва реабилитацион ёрдам кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича бошланган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Замонавий моддий-техник база малакали ўқитувчилар ва тиббиёт мутахассислари билан бирга имконияти чекланган болалар учун ўқув дастурларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси тарбияланувчиларнинг жамиятга тўлиқ мослашиш учун зарур бўлган кўникма ва билимларни имкон қадар эрта эгаллашлари ва ўз имконият, қобилиятларини рўёбга чиқаришларини таъминлашга қаратилган.

Жиҳозлашнинг биринчи босқичи доирасида Тошкентдаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари махсус асбоб-ускуналар, жумладан, ортопедик юриш тренажёрлари, бизибордлар, қуруқ ҳовузлар, махсус массаж матолари, дидактик материалларга эга бўлди, бунинг натижасида ушбу ташкилотларнинг ўнлаб тарбияланувчиларига кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигини ошириш имконияти пайдо бўлди.

2021 йил 3 июн куни Мактабгача таълим вазирлиги томонидан махсус техника топширишнинг иккинчи босқичи ўтказилади. Таянч-ҳаракат тизимида бузилиши бўлган болалар учун махсус ортопедик, фаол ҳаёт ва қулай дам олиш,  болаларда ўқиш-ўрганиш имкониятини оширишга хизмат қиладиган функционал стуллар; Фаол турмуш тарзини олиб бориш ва ўз-ўзига ишониш кўникмаларини ривожлантириш имкониятини берувчи болалар аравачалари ва харакатланувчи жиҳозлар, боланинг таянч-ҳаракат тизимини ривожлантириш ва куч, чаққонлик, чидамлилик, шунингдек қатъият ва мақсадга мувофиқлик каби жисмоний қобилиятларнинг кўрсатишга мўлжалланган тренажёрлар каби кўплаб ускуналардан таркиб топган.

Айни пайтда Тошкент шаҳридаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини жиҳозлаш ва республикамизнинг барча ҳудудларидаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлашнинг навбатдаги босқичларига ҳам фаол тайёргарлик кўрилмоқда. Мамлакат бўйлаб 70 та ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти йил охиригача замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланиши кутилмоқда.