ДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ АЙРИМ ТОИФАЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Узлуксиз таълим ягона тизимининг муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш, юқори малакали кадрларни, шу жумладан, ёш битирувчиларни жалб этиш, жамиятда давлат мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг нуфузини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари айрим тоифаларининг:

а) 2018 йил 1 мартдан бошлаб — директорлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини — 30 фоизга;

б) 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

олий маълумотли тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда — 30 фоизга;

олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячи ёрдамчиси меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини — 20 фоизга;

мактабгача таълим ташкилотлари директорлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини — 10 фоизга табақалаштириб ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Ургут, Булунғур ва Пахтачи туманларида, Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол, Фориш, Мирзачўл ва Янгиобод туманларида, Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод, Ховос ва Сардоба туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх тумани хамда Фарғона туманининг «Шоҳимардон» ва «Ёрдон» қишлоқларида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар сақлангани учун амалдаги ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баравар пасайтирилсин.

3. 2018 йил 1 мартдан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячининг ёрдамчиси меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб жорий этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2018 йилда ушбу қарорга мувофиқ давлат таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини ошириш бўйича қўшимча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига молиялаштирилишини таъминласин, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу харажатларни назарда тутсин;

давлат мактабгача таълим ташкилотларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармасини шакллантиришга қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг қатъий равишда 15 фоизи миқдорида қўшимча маблағлар ажратилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси маблағларидан мақсадли ва манзилли фойдаланилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин, давлат мактабгача таълим ташкилотлари харажатлари сметаларида улар алоҳида сатрда ажратилишини назарда тутсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарорининг 32-иловасига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В. Акмалов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига юклансин.