Эзгулик

Бугун дунёда 1 миллиарддан зиёд ногирон киши яшайди. Уларнинг 600 минги ўзбекистонлик, 61 минг 819 нафари эса, Наманган вилоятида истиқомат қилади. Шундан 636 нафар жисмоний ва руҳий ривожланишдан орқада қолган бола вилоят Мактабгача таълим бошқармасига қарашли 7 та Ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинган. Бу шундан далолатки, ўзбек диёрида ҳеч бир ўксик қалб, айниқса, ногирон бола эътибордан четда қолган эмас. Чунки, бировнинг кўмагига муҳтож кишини кўрганда кўнгли эрийдиган, мудом савоб матлабида ёрдамга ошиқадиган бу халқнинг онгу шууридаги эзгулик хислати қон билан кирган. Боз устига, азалий, миллий руҳиятимизга хос бу фазилат давлатимиз сиёсатида ҳам ўз ифодасини топган.

Айтайлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил, 9 августда имзоланган «Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, болаларни реабилитация қилиш, уларни замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш, соҳада ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган.

Қарорда ногирон шахсларга, айниқса болаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини бугунги босқичда яхшилашнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, шу билан бирга, давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини коррекцион, педагогик ва реабилитация ускуналари билан босқичма-босқич жиҳозлаш ишларини давом эттириш вазифалари қўйилган.

Яқинда Мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан Кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари (КТИМТТ) тарбияланувчилари учун 13 турдаги, жами 263 дона, умумий қиймати эса, 1 миллиард 865 миллион 600 минг сўмлик замонавий протез-ортопедия мосламалари олиб келинди ва улар ҳудудларда жойлашган махсус боғчаларга етказиб берилди.

– Маълумки, мактабгача тарбия ёшидаги болада муайян ривожланиш касалликлари мавжуд бўлса, ота-оналар болаларини тиббий муассасаларда ёки реабилитация марказларида реабилитация муолажаларини олдиришлари керак, – дейди Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдуназар Юсупов. – Аммо, агар болага комплекс шароитда коррекцион-педагогик ва реабилитация ёрдами кўрсатиладиган бир муассасада мужассам ёрдам берилса, бунинг самараси янада ижобий бўлади. Шу маънода муҳтарам Президентимизнинг шу соҳага қаратаётган катта эътиборлари, қолаверса, Мактабгача таълим вазирлигининг мана бундай ташаббуси туфайли амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ишлар, нафақат мактабгача таълим тизимида, қолаверса, унда тарбият топаётган алоҳида эътиборга муҳтож болалар ҳаётида ҳам жуда катта қувончли ўзгаришлар ясайди. Чунки, бу каби катта эътибор илгарилар деярли кузатилмаган.

Дарҳақиқат, аксари Ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида моддий-техник базанинг эскирганлиги ва зарур асбоб-ускуналарнинг йўқлиги туфайли йиллар давомида коррекцион-педагогик ва реабилитацион ёрдамни тўлиқ амалга оширишнинг имкони чегараланган эди. Эндиликда эса:

– Олиб келинган замонавий протез-ортопедия мосламалари ёрдамида неврологик патологиялар, таянч-ҳаракат системасининг шикастланиши каби жисмоний нуқсонга эга бўлган болаларда юриш малакаларини ривожлантиришдан тортиб, уларда тактил сезувчанлик, кейинчалик умумий моторик кўникмалар ҳосил қилиш, руҳий стресс даражасини камайтириш, массаж ва гимнастика бўйралари орқали мушакларни бўшаштириш, шунингдек, нозик восита кўникмаларини ривожлантириш каби ижобий имкониятлар туғиладики, бундай шарт-шароитлардан тўлақонли фойдаланиш жисмоний ривожланишдан орқада қолган болалар ҳаётида янги истиқболларни очиб беради – дейди бошқарманинг «Болалар саломатлиги ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими» бошлиғи Ахрорхон Қамбаралиев.

Бир сўз билан айтганда, Мактабгача таълим соҳасида рўй бераётган бундай ўзгаришлар, яратилаётган салмоқли имкониятлар, юқорида таъкидланган улкан рақамлар ортида шунга монанд, кенг кўламли саъй-ҳаракатлар турибди. Энг муҳими, буларнинг барчаси эзгу ва савобли ишга – ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий ҳаётга ҳар томонлама мослаштириш, уларнинг ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган. Бу эса қанчадан-қанча кўнгилларга юпанч, кўзларга қувонч, қалбларга миннатдорлик ҳиссини бахш этади.