ХИВАДА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Бугунги кунда таълимнинг бошланғич энг муҳим бўғини ҳисобланган мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш юртбошимиз олиб бораётган сиёсатнинг асосий бўғинларидан бирига айланган. Жумладан, тизимни ислоҳ қилиш ҳамда такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг қатор фармон ҳамда қарорлари қабул қилинди. Айниқса, “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарор болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларини замонавий ўқув-методик материаллар ва бадиий адабиётлар билан тўлдиришга имкон яратди десак, асло муболаға бўлмайди. Шунингдек, соҳага малакали педагог ва бошқарув кадрларини жалб қилинди. Бунинг исботини биргина Хоразм вилоятининг Хива туманидаги мактабгача таълим ташкилотлари мисолида кўриш мумкин. Тумандаги 3-7 ёшли болалар сони 13 070 нафарни ташкил этган бўлса, шундан 50,6 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган эди. Қурбон ҳайити арафасида янги МТТлар очилиши ҳисобига қамров кўрсаткичи 52,9 фоизга йетди. Бу эса, йўналишда ислоҳотлар кенг кўламда олиб борилаётганидан далолатдир.
Хива туманидаги “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида мактабгача таълим ташкилотлари йетарли бўлмаганлиги болалар ва ота-оналар учун ноқулайликлар туғдираётган эди. 120 ўринга мўлжалланган давлат хусусий шерикчилик асосидаги асосидаги “Кичкинтой бинафша” нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиши мазкур маҳаллада истиқомад қилувчилар учун чинакам қувончга айланди. Бу йерда 333 нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар бўлиб, авваллари уларнинг 15 фоизи МТТга қамраб олинган эди. Эндиликда бу кўрсаткич 51 фоизгача ошди. Шунингдек, “Шайх Нажмиддин Кубро” маҳалласида 3 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари очилиб, “Дошёқ” ва “Серчали” маҳаллаларидаги 33-сон ҳамда 22-сон мактаблар ҳудудида “АҚЛВОЙ” бекатлари ташкил етилди. Шу ўринда мобиль мактабгача таълим ташкилотларининг ташкил этилгани ҳам ҳудуддаги қамровга сезиларли таъсир кўрсатганини айтиш ўринли. Самарали ишлар натижасида, ҳар бир маҳаллада қўшимча 48 нафардан болажонлар мактабгача таълимга жалб этиб келинмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Aхборот хизмати