Ижтимоий тармоқларда болалар ўртасида номаълум вирус тарқалаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид

Бугун ижтимоий тармоқларда сўнгги кунларда пойтахтимизда болалар ўртасида юқори нафас йўллари яллиғланиши билан боғлиқ номаълум юқумли касаллик тарқалаётгани, «Тез ёрдам» хизматига болаларда иситма кўтарилиши билан боғлиқ чақирувлар сони кескин ортгани, шу боис, бу қандай касаллик эканини аниқлаш ҳамда пойтахт умумтаълим мактаблари ва болалар мактабгача таълим муассасаларини 10 кун муддатга карантинга ёпиш лозимлиги тўғрисидаги хабар тарқалди. Бу эса одамлар орасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Ҳар йили куз ва қиш фасли грипп ҳамда ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари авж оладиган палла ҳисобланади. Шу боис, бу йил ҳам айни шу мавсумда юртимизда нафақат болалар, балки катталар ўртасида ҳам йилнинг бошқа даврларига нисбатан грипп ва ЎРВИ хасталиклари нисбатан кўпроқ кузатилади.

Айни кунларда шифохоналарга ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари белгилари билан ётқизилаётган бемор болаларнинг аксариятида тана ҳарорати кўтарилиши, бурун оқиши, аксириш каби мавсумий ЎРВИга хос белгилар кузатилаётган бўлиб, ушбу беморларга нисбатан вирусга қарши ва антибактериал даво муолажалари олиб борилгандан сўнг, деярли барчаси 3-4 кундан кейин касалликдан соғайиши кузатилмоқда.

Қолаверса, бугунги кунда пойтахт шифохоналарига ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари билан ётқизилаётган барча болалардан коронавирус инфекциясига ПЗР тест таҳлиллари олиниб, касалликка қарши текширилмоқда, бироқ уларнинг деярли барчасида касаллик аниқланаётгани йўқ. Ваҳоланки, сўнгги ҳафталарда юртимизда коронавирус касаллигининг умумий статистикасида ҳам пасайиш кузатилмоқда. Бундан кўриш мумкинки, ушбу касаллик CОВИД-19 инфекцияси билан боғлиқ эмас.

Шунингдек, бугунги кунга қадар, мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилотларида коронавируснинг олдини олиш юзасидан керакли барча амалий ишлар бажариб келинмоқда ҳамда мамлакат миқёсида бирорта мактабгача таълим ташкилотидан номаълум касаллик билан касалланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Шу сабаб мактабгача таълим ташкилотларини карантинга ёпишга ҳеч қандай асос йўқ. Қолаверса, юртдошларимиздан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли нотўғри хабарларга ишонмаслик ҳамда ваҳимага тушмасликларини ҳамда барча мактабгача таълим ташкилотларида ҳамширалар фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳақида эслатиб ўтамиз.

Мактабгача таълим Вазирлиги Ахборот хизмати