КЎЗА КУНДАМАС КУНИДА СИНДИ

Самарқанд вилоятидаги ўрганилган МТТлар фаолияти ҳақида

Мактабгача таълим ташкилотлари болажонларнинг бахтиёр униб-улғайишлари ва мактаб таълимига сифатли тайёрланишида дастлабки асосий пойдевор ҳисобланади. Болалар боғчасида таълим-тарбия услуби ва иш тўғри ташкил этилгандагина келажак авлод билими, дунёқараши ва ақлий ривожланишида ижобий натижага эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 29 мартдаги 132-Х-сонли буйруғига асосан вазирлик ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилоятидаги бир нечта МТТлар фаолияти ўрганилганда тарбиячи-педагоглар ўз хизмат вазифасини тўлиқ билмаслиги, соғлом овқатлантириш меъёрларига риоя этилмаётганлиги, таълим-тарбия жараёнлари яхши йўлга қўйилмаганлиги, болаларни йўлланмалар асосида мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилишдаги хато ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланди.

Хусусан,Самарқанд шаҳар 58-сонли ДМТТ фаолияти ўрганилганда, мамлакатимизда карантин талаблари бекор қилинмаган бўлсада мазкур давлат мактабгача таълим ташкилоти “COVID 19 пандемияси даврида мактабгача таълим ташкилотларининг иш фаолиятига қўйиладиган вақтинчалик санитария-гигиеник талаблар”га риоя этмаган ҳолда  иш фаолиятини олиб бораётганлиги аён бўлди.

Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида (OpenEmis) ташкилотда тарбияланувчилар сони 186 нафар, навбатда турганлар сони 160 нафар бўлсада, ташкилот директори томонидан тарбияланувчилар сони 141 нафар (кичик гуруҳда 38, ўрта гуруҳда 40, катта гуруҳда 32, мактабга тайёрлов гуруҳида 31) эканлиги тўғрисида маълумот тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 391-сонли қарорида давлат мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳлар миқдори кўпи билан 30 нафар бола билан тўлдирилиши белгиланган бўлсада, OpenEmis тизимида гуруҳ қувватлари кичик гуруҳ учун 49 тага, тайёрлов гуруҳи учун 45 тагача оширилган.

Болаларни мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш бўйича йўлланмалар сайланма тарзда ўрганилганда 14 нафар тўлиқ кунлик гуруҳ тарбияланувчилари ташкилот директори Н.Хамраева томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги “Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 244-сонли қарори талабларига зид равишда ташкилотга қабул қилинган.

8 нафар тарбияланувчи ташкилотдан кетган бўлишига қарамасдан OpenEmis тизимидаги тарбияланувчилар рўйхатидан ўчирилмаган. Бу ўз навбатида бўш ўринларнинг шакллантирилмаслигига ҳамда гуруҳларга ноқонуний болалар қабул қилинишига замин яратади.

Кичик гуруҳда 2 нафар йўлланмасиз болалар мавжудлиги аниқланиб, ўрганишлар давомида улар гуруҳ тарбиячисининг фарзандлари эканлиги маълум бўлди.

Ташкилот ҳамшираси томонидан “Сифати тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтари” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сон “Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарори талаблари бўйича юритилмаётганлиги ҳамда айрим дори воситаларининг яроқлилик муддати ўтганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 16 декабрдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги ЎРҚ-595-сон Қонунининг 34-моддасида мактабгача таълим ташкилотидаги гуруҳлар ёшга доир тоифалар, жумладан кичик гуруҳ уч ёшдан тўрт ёшгача, ўрта гуруҳ тўрт ёшдан беш ёшгача, катта гуруҳ беш ёшдан олти ёшгача, мактабга тайёрлов гуруҳи 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар билан тўлдирилиши белгиланган. Мактабгача таълим ташкилотидаги гуруҳлар ёшга доир тоифалар бўйича тўлдирилмаган.

Мактабгача таълим вазирининг 2019 йил 30 августдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг иш ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 155-сонли буйруғи талабларига риоя этилмаган ҳолда болалар давоматини қайд этиш дафтарида (табель, фильтр) болаларнинг келган ва келмаган кунлари таҳлили қилинмаган, ҳамшира, тарбиячи ва директор томонидан имзоланмаган.

Шунингдек, 58-сонли ташкилот директори Н.Ҳамраева томонидан имзоланган буйруқларга асосан ташкилотда ҳақиқатда ишламаган 5 нафар ходимга жами 17 793 838,0 сўм миқдоридаги иш хақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳисобланиб, тўлаб юборилганлиги аниқланди.

Ходимларга иш хақи ва унга тенглаштирилган тўловларни нақд пул тариқасида берилиши танлов асосида ўрганилганда, тарбиячи Д.га 2020 йилнинг февраль-июнь ойларида ҳақиқатда вазифасини бажарган бўлсада жами 2 039 061,0 сўмлик иш ҳақи ҳисобланмаганлиги ва тўланмаганлиги ҳам аниқланди.

Самарқанд шаҳар прокуратурасининг 2021 йил 27 январдаги қарорида келтирилган маълумотларга кўра ташкилот директори 2019 йилнинг август-сентябрь ойларида жами 31 нафар тарбияланувчиларни ЯИДХПдан рўйхатдан ўтмаган қалбаки йўлланмалар асосида қабул қилганлиги юзасидан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167 ва 209-моддалари билан жиноят содир этганлиги келтирилган.

 Мурғак қалб эгалари камол топадиган, ёш авлоднинг онгу тафаккури шаклланадиган мактабгача таълим ташкилотидаги бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар  келажакка хиёнат эмасми?!

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 50, 126, 13, 98-ДМТТлари   фаолияти  ўрганилганда“COVID 19” пандемияси даврида мактабгача таълим ташкилотларининг иш фаолиятига қўйиладиган вақтинчалик санитария-гигиеник талаблар”га риоя этмаган ҳолда  иш фаолиятини олиб бораётганлиги аён бўлди.

Ташкилот директорлари томонидан юритилиши лозим бўлган ҳужжатлар ташкилот ҳамшираси томонидан юритилаётганлиги, OpenEmis тизимида МТТ гуруҳлари нотўғри шакллантирилгани, гуруҳларда йўлланмасиз болалар борлиги аниқланди.

98-МТТда ҳамшира хонаси антисанитария ҳолатда бўлиб, бегона сумкалар, турли-хил буюмлар билан тўлдирилган. Биринчи ёрдам учун берилган дори-дармонларнинг муддати ўтганлиги ва рўйхатда кўрсатилмаган атибиотиклар мавжудлиги аниқланди. Дори дармон учун ажратилган музлаткичда бошқа маҳсулотлар ҳам сақланмоқда.

OpenEMIS маълумотларига кўра, МТТда 424 нафар тарбияланувчи бўлиб, тўлиқ кунлик гуруҳларда 12 нафар ва қисқа муддатли гуруҳларда 16 нафар тарбияланувчининг йўлланмаси йўқлиги аниқланди.

13-МТТда ошхонада кунлик меню ва рапортичкалар мавжуд эмаслиги, ҳамшира томонидан 1-9 апрель кунлари менюлар тўлдирилмаганлиги аниқланди. Ташкилот ҳамшираси томонидан “Сифати тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтари” нотўғри ва ўчириладиган ручкада тўлдирилмоқда. Кунлик синамалар 24 соат ушланмаган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун ишлатиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатида мавжуд бўлмаган натрий хлорид эритмаси сақланмоқда. Ташкилотда қариндош уруғчилик муносабатларини ҳам учратиш мумкин, жумладан методист ва хўжалик ишлари мудири ташкилот директорининг қариндошлари эканлиги маълум бўлди.

Пуллик хизмат сифатида ташкил этилган рус тили, инглиз тили, таэквондо ва бадиий гимнастика тўгараклари учун тўланган пул ташкилотнинг ҳисоб рақамига кирим қилинмаган.

Ҳамширанинг фильтр дафтари хато юритилган ҳамда ўчириладиган ручкада киритилган.

Ошпазлар кунлик таомларни болалар сонига номутаносиб, таомларга солиниши лозим бўлган маҳсулотлар миқдори кўрсатилиши лозим бўлган менюсиз тайёрлашаётгани болалар ҳаққини талон-тарож қилаётганлиги эмасми?!

Пайариқ туманидаги 31-38 сонли ДМТТларида  болалар гуруҳларга  ноқонуний қабул қилинганлиги, давомат журнали хато юритилиши, гуруҳлар керакли жиҳозлар, жумладан стол-стуллар ва болалар кроватлари билан тўлиқ таъминланмагани, ривожлантирувчи марказлар учун хоналарда майдон ҳамда болалар учун ўйинчоқлар етишмаслиги, боланинг ривожланиш харитаси ўз вақтида тўлдирилмагани аён бўлди.

31-МТТда ишчи гуруҳ ўрганишлар билан  овора бўлган бир пайтда ошпаз пишиб турган овқатга хом товуқ гўшти солиб юборганига ҳам куласиз, ҳам куясиз.

38-МТТ биносида қулфланган хона борлиги, унда 20 та  болалар кровати ва 10 нафар бола борлиги аниқланди. OpenEMIS тизимида 14 та гуруҳда 348 нафар бола бўлиб, ҳақиқатда 12 та гуруҳда 275 нафар болани ташкил этмоқда, уларнинг 29 тасида йўлланмалар мавжуд эмас. Омборхонадаги мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари танланма тарзида саноқдан ўтказилганда, товуқ гўшти – 4,8 кг ортиқча, олма – 13,9 кг ортиқча, ўсимлик ёғи – 4,8 кг ортиқча, қуруқ мева – 33,3 кг ортиқча, мол гўшти – 2,25 кг ортиқча эканлиги аниқланди ҳамда ўз аризасига асосан хўжалик ишлар мудири билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Оқдарё туманидаги 7-4 сонли МТТлари  фаолиятини ўрганиш давомида педагоглар “Илк қадам” давлат ўқув дастури ва давлат талаблари ҳақида етарли тушунчага эга эмаслиги ҳамда гуруҳлардаги болалар сони OpenEMIS дастуридаги болалар сони ўртасида тафовутларнинг мавжудлиги аниқланди.

7-МТТда OpenEMIS тизимида 14 та гуруҳда 348 нафар бола бўлиб, ҳақиқатда 12 та гуруҳда 275 нафар болани ташкил этмоқда, уларнинг 29 тасида йўлланмалар мавжуд эмас.

Гуруҳлар давомат журнали кўздан кечирилганда кунлик давомат хато юритилганлиги, жумладан, тарбиячилар томонидан имзо қўйилмаганлиги аниқланди. Бундан ташқари, таъминотчи томонидан сариёғ ўрнига “Спред” (сут ёғи ўрнини босувчи модда) маҳсулоти олиб келинганлиги аниқланиб, ишчи гуруҳ томонидан табиий сариёққа алмаштирилди.

Самарқанд шаҳридаги 50-МТТда ишчи гуруҳи аъзолари томонидан соат 15:00-16:00 лар оралиғида ташкилотга маҳалла уйлари орасидан номаълум аёл 4 нафар болани етаклаб ташкилот ҳудудига асосий кириш эшигидан олиб кирилган ва улар қоровул томонидан тўхтатилмаганлиги аниқланди.

Мазкур болалар тўғрисида МТТ директори М.Умировадан сўралганда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини, уларни ким олиб кирганлигини, кўрмаганлигини ва танимаслигини айтди.

Саволлар асосида бу 4 нафар боланинг 2 нафари ташкилот ходимларининг уч ёшга тўлмаган болалари, қолганлари қисқа муддатли гуруҳ тарбияланувчилари эканлиги аниқланди. Шунингдек, болалар ташкилот яқинидаги 113-уйда ёлланма тарбиячининг уйида сақланиши ва ташкилотда овқатланиши маълум бўлди.

OpenEMIS тизимида 234 нафар бола мавжудлиги акс этган бўлсада, ташкилот директори 213 нафар бола мавжудлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этди. Тарбияланувчилар ташкилотга директор томонидан буйруқ чиқарилмаган ҳолда қабул қилинганлиги ва  болалар қисқа муддатли гуруҳга йўлланмасиз жорий йилнинг 25 мартидан бери қатнаб келаётганлиги аниқланди. Буйруқлар китоби хато юритилган, жумладан буйруқ дафтарига асосан 75 нафар тарбияланувчи мавжуд бўлсада, OpenEMIS тизимида улар 84 нафар, ўрганилганда – 65 нафар эканлиги аниқланди. Ривожлантириш марказлари фаолияти йўлга қўйилмаган. Барча таълимий-тарбиявий жараёнлар фронтал тарзда олиб борилмоқда. Методист фаолияти қониқарсиз баҳоланди.

Ургут туманидаги 15-2 сонли МТТлардаги ҳолат ҳам қониқарсиз.  15-МТТ  биноси таъмирталаб ҳолатда. Ходимларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқлар дафтари февраль ойидан бошлаб юритилмаган. Кунлик юритиладиган таомнома апрель ойи учун шакллантирилмаган.

Ташкилотда тиббий ҳамшира фаолиятида ҳужжатлар нотўғри юритилаётганлиги,  биринчи тиббий ёрдам бўйича дори дармонлар тўлиқ мавжуд эмаслиги, кунлик таомнома тўлиқ ёзилмаганлиги каби ҳолатлар аниқланди. Аниқланган камчиликлар асосида ташкилот директори билан ўз аризасига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинди.

2-МТТда болалар давоматини қайд этиш дафтарида (табель, фильтр) болаларнинг келган ва келмаган кунлари таҳлили қилинмаган, ҳамшира, тарбиячи ва директор томонидан имзоланмаган. Ташкилотнинг ҳамда директорнинг йиллик, ойлик иш режалари ишлаб чиқилмаган.  Иш тартиби ўлда-жўлда, қониқарсиз.

Аниқланган камчиликлар асосида ташкилот директори билан ўз аризасига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Шунингдек, ўрганишлар якунидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги мутасадди раҳбарлари томонидан  вилоят мактабгача таълим бошқармаси ходимлари, туман мактабгача таълим бўлими мудирлари ва Самарқанд шаҳридаги МТТ директорлари иштирокида тизимда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди. Унда соҳа фаолиятига доир ишлар қониқарсизлиги,  ишчанликни ошириш ва назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди ва зарурий тавсиялар берилди.

Айтиш жоизки, Самарқанд вилоятидаги МТТлари тарбиячи-педагоглари ўз вазифасига масъулият билан ёндошмаса, болалар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйса, таълим-тарбия методикаси ўлда-жўлда бўлса ҳар жиҳатдан  билимли, интеллектуал жиҳатдан юксак ва ақлан теран ёшларни тарбиялашга эриша оламизми?! Мутасаддилар ишни тизимли ташкил этишда ҳолатга бефарқ бўлмасдан масъулиятни оширишса мақсадга мувофиқ бўларди.