“Маданий алмашинув ва хорижий тилларни ўрганиш” мавзусидаги I Тошкент вилояти форуми бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган “Маданий алмашинув ва хорижий тилларни ўрганиш” мавзусидаги I Тошкент вилояти форумида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ўринбосари Бегимқулов Узоқбой ва бир қатор соҳа мутахассислари ҳам иштирок этиб, ўз фикр мулоҳазалари, соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, Форумда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 34-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти директори, «Таълим лаборатория»си асосчиси Убайдуллаева Нилуфар ўз таклифлари билан иштирок этди.

Ушбу лойиҳа мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини инновацион усулда ўқитиш бўйича илк марта ташкил этилмоқда. Шу сабабли, Зангиота туманининг «2020-2021 йиллар давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури»га киритилиб, жорий йилнинг 4 февраль кунидан лойиҳа доирасида ўқув жараёнлари йўлга қўйилган.

Ушбу лойиҳага кўра 4 ойлик ўқув дастури асосида тингловчилар «Болалар психологияси», «Ўқитиш методикаси», «Рус тили», «Инглиз тили» йўналишларида таҳсил олдилар. Тингловчилар лабораторияда олган билимларини ўз иш фаолиятларида қўллаб, мактабгача таълим ташкилотларида таълим сифатини ошиши учун хизмат қилади.

Мазкур «Таълим лаборатория»сини ривожлантириш учун вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан керакли миқдорда маблағ ажратилиши белгиланди. Бундан ташқари мазкур лойиҳага Буюк Британия Консуллик идораси ҳам ўзларининг қизиқишларини ва ҳар томонлама қўллаб қувватлашларини билдириб ўтганлар.

Тадбир давомида Конфуций институти, Гёте институти, Ўзбекистон-Япония маркази сингари хорижий тил ва маданият марказлари вакилларининг маърузалари тингланди.