Мактабгача таълим вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлиги доирасида ўтказилаётган тренинглар давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) томонидан Жаҳон банкининг «Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида 2021 йил 4 октябрдан 29 октябрга қадар Ўзбекистон Республикасидаги мактабгача таълим мутахассислари учун тренинглар ўтказилмоқда.

Тренинглар МТВ ҳамда Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи мутахассислари томонидан ташкил этилмоқда ва халқаро маслаҳатчи, психология фанлари номзоди Зулфия Вейсова иштирокида ўтказилмоқда. Тренинглар «Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимида болага йўналтирилган таълим ёндашувини жорий этиш» мавзусида ўтказилмоқда.

Тошкент ва Сирдарё вилоятлари мактабгача таълим муассасаларининг мутахассислари учун тренинглар 4-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилди ва унда 19 нафар мутахассис қатнашди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг мактабгача таълим мутахассислари учун тренинглар 11-15 октябрь кунлари Урганч шаҳрида ўтказилди.

18-22 октябрь кунлари тренинглар Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ўтказилади.

25-29 октябрь кунлари эса тренинглар Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида ўтказилади.

Тренингларда туман мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабгача таълим бўлимлари методистлари, педагоглари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларининг бошқа мутахассислари иштирок этади.

Тренингларнинг асосий мақсади — мактабгача таълим педагогларнинг малакасини ошириш ҳамда болаларнинг келгусида мактаб ҳаётига силлиқ ўтиши ва мослашишига кўмаклашадиган уларнинг ёши ва индивидуал хусусиятларни ҳисобга олувчи боланинг шахсиятига йўналтирилган турли ёндашувларни мактабгача таълим ташкилотларининг таълим-тарбия жараёнида қўллаш бўйича халқаро стандартлар асосида миллий мастер-тренерларни барча ҳудудлар кесимида тайёрлашдан иборат. Тренинг давомида олинган билим ва кўникмалар мутахассислар томонидан болалар билан ишлашда амалда қўлланилади.

Тренинглар педагогларга бир-биридан ўрганиш имкониятини берувчи коллегиал таълим элементини ўз ичига олади. Келажакда миллий мастер-тренерлар каскад усули ёрдамида бевосита мактабгача таълим ташкилотлари методистлари ва педагогларига таълим беради.

1-модуль бўйича ўқитилган камида 100 нафар тренер миллий мастер-тренерга айланади. 2022 йилнинг февраль ойида мазкур мастер-тренерларни фасилитация ва тренингларни ўтказиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган 2-модуль бўйича тренинг ўтказиш режалаштирилган.

Тайёргарликдан ўтган мастер-тренерлар лойиҳа доирасида 2024 йилга қадар бошқа мактабгача таълим мутахассисларига каскад усули ёрдамида таълим беради. Лойиҳа доирасида белгилаб қўйилганидек, 2024 йилга қадар 14,000 нафар мактабгача таълим мутахассиси мактабгача таълим соҳасида болага йўналтирилган таълим ёндашуви асосида ўқитилади.

Маълумот учун: Жаҳон банки лойиҳаси 2020-2024 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган. Асосий мақсади — мактабгача таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг таълим муҳити сифатини яхшилаш (зарур мебеллар, ўқув-услубий ва дидактик материаллар билан моддий-техник жиҳозлаш), таълим-тарбия жараёнини янада сифатли режалаштириш, шунингдек, педагог кадрларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлаш салоҳиятини ошириш мақсадида таълим сифатини тизимли равишда ўлчаш учун зарур механизм ва воситаларни ишлаб чиқишдан иборат.