“Мактабгача таълим тизимида давлат-хусусий шериклиги ислоҳотларининг самарали натижалари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 апрелдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5071-сон қарори ижросини таъминлаш, ҳамда тизимда хусусий секторни ривожлантириш, давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун яратилган имтиёзлар ва афзалликлар борасида тадбиқ этилаётган жараёнларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш мақсадида, матбуот анжумани ташкил этилди.

Мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг бошланғич бўғини бўлиб, унинг мақсади – боланинг соғлом, ривожланган, эркин шахсиятини шакллантириш, унинг қобилиятларини очиб бериш ва билим олишга интилишни ривожлантиришдир. Ўзбекистон Республикасида 2020 йилнинг охирига келиб, 18 254 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди, шу жумладан, улардан 6 197 таси давлат ва 12 057 таси нодавлат (788 та хусусий, 10 244 та оилавий ва 1 025 таси ДХШ асосидаги) мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади. Хусусан, мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганда 5 211 та, 2018 йилда 7 104 та, 2019 йилда эса 13 530 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият олиб борган.

Бугунги кунга келиб, 3-7 ёшли болаларнинг 60 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган бўлиб, хусусан, бу кўрсаткич 2017йилда 27,7 фоизни, 2018 йилда 37,7 фоизни, 2019 йилда эса 52,3 фоизни ташкил этган.
Шу жумладан, 6 ёшдаги болаларнинг 75 фоизи қамраб олинган.  Мактабгача таълим соҳасида нодавлат секторни ривожлантиришнинг замонавий механизмлари, хусусан давлат-хусусий шерикликнинг 10 га яқин шакллари жорий этиб келинмоқда. 2018-2020 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 11 269 нафар тадбиркорлар томонидан 352 431 қувватга эга нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди ҳамда 33 679 та янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, 104 524 қувватга эга 1 025 та давлат-хусусий шериклик (шундан, 7 500 қувватга эга 76 та лойиҳа тадбиркорларнинг ўз маблағи ҳисобидан) ҳамда 247 907 қувватга эга 10 244 та оилавий нодавлат боғчалар фаолияти йўлга қўйилган. 2020 йилда 333 нафар тадбиркорлар томонидан 45 427 қувватга эга давлат-хусусий шериклик ҳамда 103 175 қувватга эга 4 160 та оилавий нодавлат боғчалар фаолияти йўлга қўйилиши орқали республика бўйича 148 602 қўшимча қувват ва
12 360 та янги иш ўринлари яратилди. Натижада, болаларни мактабгача таълимга қамраб олишда давлат-хусусий шериклик улуши 2019 йилга нисбатан 14,0 фоиздан 20,7 фоизга оширилди.

Батафсил: https://www.youtube.com/watch?v=f2y2FfpNrK4

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати