Мактабгача таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги ишлар

Бугун АОКАда Мактабгача таълим вазирлиги Комплаенс назорат бўлими бошлиғи Фаррух Аминов иштирокида брифинг ўтказилди.

Мактабгача таълим вазирининг 2021 йил 12 июлдаги 131 сонли буйруғига асосан бўлим номи Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назоратини амалга ошириш бўлимига ўзгартирилди ҳамда барча ҳудудий мактабгача таълим бошқармаларида 1 штатдан бош мутахассислар ажратилди.

Бўлимнинг асосий вазифаси:

вазирлик ва унинг тизимида «инсон омили» таъсири мавжуд фаолият йўналишларини аниқлайди;

вазирликда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши кураш бўйича «комплаенс назорат» (compliance control) тизимини жорий этиш ҳамда уни такомиллаштириш бўйича иш олиб боради;

мактабгача таълим тизимидаги кадрларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш илғор усулларини тизимли равишда жорий этади;

ходимлар малакасини ошириш бўйича доимий ишларни олиб бориш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 июндаги «Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5144-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан мактабгача таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ҳамда имзоланди.

Шунингдек тизимда коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармони 1-илова 43-банд ижросини таъминлаш мақсадида «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари» ишлаб чиқилди ҳамда тасдиқланди.

Мактабгача таълим тизимида коррупциянинг олдини олиш мақсадида қуйидаги ички низом ҳамда буйруқлар ишлаб чиқилди:

  • Мактабгача таълим вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсатини белгилаш тўғрисида;
  • Мактабгача таълим вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашишнинг кечиктириб бўлмас чора-тадбирлари тўғрисида;
  • Мактабгача таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш ҳақида;
  • Мактабгача таълим вазирлиги тизимида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида;
  • Мактабгача таълим вазирлиги тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби
  • ишга қабул қилишда номзодларни текшириш бўйича йўриқнома ва бошқалар.

Бўлим томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаларига кўра 7 та ҳолатда аниқланган қонунбузилиш ва коррупцион ҳолатлар бўйича чора кўриш учун Бош прокуратурага ҳужжатлар тақдим этилди.

Мактабгача таълим тизимида фаолият юритган ҳамда коррупцияга мойиллиги бўлган 8 нафар ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Амалга оширилган тезкор тадбирлар:

Янгийўл шаҳридаги 12-ДМТТ собиқ директори М.О. фуқаро У.С.ни тарбиячи ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилиш учун ундан 100 АҚШ долларини таъмагирлик йўли билан талаб қилиб, пулларни олаётган вақтда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар бўлими ва Янгийўл шаҳар ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир натижасида, далилий ашё билан қўлга олиниб, ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек Наманган вилояти Уйчи тумани Мактабгача таълим бўлими собиқ масъул ходими А.Э. таъминотчи таъминотчи корхона раҳбари А.Ж.дан етказиб берилган 359 млн. сўмлик маҳсулотнинг 10% (халқ тилида откат дейилади) ини яъни 14,8 млн. сўм ва 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Наманган вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир натижасида, далилий ашё билан ушланиб, ЖКнинг 214-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати