Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида тренинглар бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан жорий йилнинг 4 октябридан 29 октябрига қадар Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимида болага йўналтирилган таълим ёндашувини жорий этиш” мавзусида тренинглар бошланди.
Тренингларнинг мақсади – халқаро энг яхши амалиётларга, шунингдек, фаол ва интерфаол таълим методологиясига мос келадиган болага йўналтирилган таълим ёндашувини илмий жиҳатдан соғлом йўналишлари ва амалда жорий этилиши билан таништиришдан иборат. Бундан ташқари, мазкур тренингдан кўзланган асосий мақсад мактабгача таълим ташкилотларининг таълим-тарбия жараёнига ушбу ёндашувни жорий этиш мақсадида миллий мастер-тренерлар тайёрлашнинг биринчи босқичини ўтказишдан иборат.

Тренинглар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги  бошқармалар методистлари, коллеж ўқитувчилари, мактабгача таълим тизими мутахассисларига мўлжалланган. Тренингларда педагогларга бир-биридан ўрганиш имкониятини берувчи коллегиал таълим элементи мавжуд бўлиб, мазкур тренинглар миллий мастер-тренерларни тайёрлашда биринчи босқич ҳисобланади. Иккинчи босқич мураббийлик маҳоратини ўргатишни ўз ичига олади.

Жаҳон банкининг халқаро консультанти Зулфия Вейсова кўмагида келажакда мактабгача таълим ташкилотлари методистлари ва тарбиячиларига каскад усули ёрдамида бевосита жойларда тренинг ўтказадиган 100 нафар мастер-тренерларнинг тайёрланиши лойиҳа доирасида режалаштирилган.

Ушбу тренинглар болаларнинг ёши ва индивидуал хусусиятларини инобатга олувчи боланинг шахсиятига йўналтирилган турли ёндашувларни тарбиячилар томонидан амалий фаолиятда қўлланилиши бўйича педагогларнинг касбий маҳоратини, мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнининг сифатини оширишга имкон беради ва бу эса болаларни мактаб ҳаётига тўсиқларсиз ўтиши ва мослашишига кўмаклашади.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати