МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўтган давр мобайнида соғлом ва ҳар томонлама ривожланган ўсиб келаётган авлоднинг шаклланишини таъминлашга қаратилган самарали мактабгача таълим тизимини ташкил қилиш бўйича комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, мавжуд тизимли камчиликлар мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда, хусусан:

биринчидан, мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги ҳолати тизимли муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, мазкур соҳада, шу жумладан, нодавлат секторда замонавий инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаяпти;

иккинчидан, мактабгача таълим соҳасига инвестицияларни жалб қилишга, шу жумладан, ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, уларни моддий-техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва илғор педагогик технологияларни қўллашга қаратилган давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий қилинмаган;

учинчидан, мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг амалдаги ҳолати болаларни мактабгача таълим муассасалари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермаяпти, мамлакатда аҳоли сонининг ўсиши айрим мактабгача таълим муассасаларининг ҳаддан ташқари бандлигига олиб келмоқда;

тўртинчидан, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик (шу жумладан, ўйинлар ва ўйинчоқлар) материаллар ва бадиий адабиётларни тайёрлаш ҳамда мактабгача таълим муассасалари фаолиятига жорий этиш ишлари замонавий талабларга жавоб бермайди;

бешинчидан, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг амалдаги тизими мактабгача таълим соҳасини болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир юқори малакали мутахассислар билан таъминлай олмайди;

олтинчидан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш тизимининг паст даражада эканлиги малакали кадрларни жалб қилиш имконини бермаяпти;

еттинчидан, мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари ишини ташкил этишдаги камчиликлар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шу жумладан, соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича профилактик чора-тадбирлар самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилсин.

Олдинги таҳрирга қаранг.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида, вилоятлар марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда янги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади:

замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш мақсадида инвесторларга ер участкалари, бўш турган бинолар, шу жумладан фаолият юритмаётган ва тарбияланувчилар сони кам бўлган давлат мактабгача таълим ташкилотларини беғараз ажратиш;

инвесторларга мактабгача таълим ташкилотларини, айниқса, шундай ташкилотларга юқори эҳтиёж мавжуд бўлган ва инфратузилмаси ривожланмаган ҳудудларда ташкил этиш учун зарур бўлган солиқ имтиёзлари ва бошқа преференцияларни, шунингдек, имтиёзли кредитларни тақдим этиш имконияти;

инвесторлар томонидан ваколатли давлат органлари билан 50 йил муддатга тузиладиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув асосида лойиҳани амалга ошириш;

инвесторлар томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда назарда тутилган шартларга, мактабгача таълим соҳасидаги давлат талабларига, санитария-гигиена нормаларига қатъий риоя этиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш бўйича мажбуриятларни қабул қилиш, шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари хизмати нархининг ижтимоий ҳаммабоплигини таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув шартларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни бекор қилиш механизмлари.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йилда ўтказилган эксперимент якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига республиканинг бошқа ҳудудларида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

3. Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилотларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2017 йилда ўтказилган эксперимент якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига республиканинг бошқа ҳудудларида мазкур амалиётни жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

4. Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» (кейинги ўринларда «Йўл харитаси» деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишига шахсан жавобгардир.

5. Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) 2-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

6. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқларни, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация қилиш ва таҳлил этиш;

мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишга, шу жумладан, зарур инфратузилмани яратишга, ходимларнинг меҳнатини моддий рағбатлантиришга, педагогик кадрларни сифатли тайёрлаш ва малакасини оширишга, шунингдек, мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш;

мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талабларини қайта кўриб чиқиш;

Олдинги таҳрирга қаранг.

мактабгача таълим ташкилотларига болаларни қабул қилишнинг амалдаги тартибини, ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ҳолатини танқидий ўрганиш;

мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

мактабгача таълим ташкилотларини ўқув-тарбиявий адабиётлар билан таъминлаш тизимини таҳлил қилиш;

мактабгача таълим ташкилотларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тартибини ўрганиш ҳамда сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлар етказиб беришнинг шаффоф ҳамда соддалаштирилган тизимини яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

мактабгача таълим соҳасида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

7. Комиссия (А.Н. Арипов):

«Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш давомида ушбу қарорнинг 6-банди билан юклатилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратсин;

«Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ҳар чорак якуни бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида умумлаштирилган ахборот киритилишини таъминласин.

8. Комиссияга юклатилган вазифаларни сифатли бажариш учун вазирликлар ва идоралар мутахассисларини, республиканинг илмий ва таълим муассасалари вакилларини, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг экспертларини белгиланган тартибда жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

9. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Комиссияга юклатилган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Тошкент, Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишнинг механизмини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б. Абдуллаев зиммасига юклансин.

 LexUZ шарҳи

Ушбу қарор «Халқ сўзи» газетасининг 2017 йил 11 сентябрдаги 181 (6875)-сонида эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2017 йил 9 сентябрь,

ПҚ-3261-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги ПҚ-3261-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича

«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/рТадбирларнинг номланишиАмалга ошириш механизмлариАмалга ошириш муддатлариМасъул ижрочилар
I. Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш ва мактабгача таълим муассасаларини малакали кадрлар билан тўлдириш
1.Мактабгача таълим муассасаларини назорат қилиш ва бошқариш бўйича мустақил орган яратиш орқали Халқ таълими вазирлигининг ташкилий-штат тузилмаси, вазифа ва функцияларини бутунлай қайта кўриб чиқишга қаратилган мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсати ва бошқарув тизимини такомиллаштириш.1. Мактабгача таълимнинг бошқаруви соҳасида хорижий мамлакатлар қонунчилиги ва тажрибасини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ таркибини ташкил этиш. 2. Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш. 3. Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссияга (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) лойиҳани киритиш.2017 йил
1 декабрга қадар
Халқ таълими вазирлиги,
Адлия вазирлиги,
Молия вазирлиги, вазирликлар
ва идоралар
2.Мактабгача таълим соҳасида кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.1. Мактабгача таълим соҳасида банд бўлган педагогик таркибни ўрганиш, мамлакат ҳудудлари кесимида мутахассисларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш. 2. Кадрлар сиёсатини амалга ошириш, мактабгача таълим мутахассислари резервини шакллантириш ва малака ошириш курсларида тизимли ўтишини таъминлаш соҳасида хорижий давлатлар қонунчилигини таҳлил қилиш ва илғор тажрибасини ўрганиш. 3. Педагогик олий таълим муассасаларига (бакалавриат, магистратура) «Мактабгача таълим бўйича педагог» мутахассислиги бўйича қабул квотасини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва Комиссияга киритиш.2017 йил 1 ноябрга қадарХалқ таълими вазирлиги,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги
3.Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш ва бўш ўринлар мавжуд бўлмаганда, шу жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) давлат интерактив хизматларини жорий этиш орқали навбатга қўйиш тартибини такомиллаштириш.1. Давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш тартибини танқидий ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлаш. 2. Давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқиш: қабул тўғрисида электрон аризаларни бериш, навбатни онлайн тартибда кузатиб бориш имконияти орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилиш; давлат мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти, уларнинг рейтинги ва ўқув-тарбиявий жараёнининг таркиби билан танишиш учун ягона электрон ахборот майдонини яратиш. 3. Болаларни қабул қилиш тартибини такомиллаштиришни, шу жумладан, мазкур соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини босқичма-босқич жорий этишни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш. 4. Комиссияга чора-тадбирлар дастури лойиҳасини киритиш.2017 йил 1 ноябрга қадарХалқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари
вазирлиги,
Молия вазирлиги,
Адлия вазирлиги,
Бош прокуратура
4.Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни яхшилаш1. Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини қайта кўриб чиқиш. 2. Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини, шу жумладан, болалар гуруҳлари (5 дан 6-7 ёшгача) тарбиячиларининг лавозим маошини умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқитувчиларининг лавозим маошига тенглаштириш, шунингдек, рағбатлантириш механизмларини ташкил этиш йўли билан такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш. 3. Комиссияга тегишли таклифларни киритиш.2017 йил
1 октябрга қадар
Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги
5.Ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари томонидан мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш.1. Мактабгача таълим муассасаларида, шу жумладан, нодавлат муассасаларда болаларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини танқидий ўрганиш. 2. Комиссияга тегишли таклифларни киритиш.2017 йил
1 октябрга қадар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги,
Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги
6.Сифатли ўқув-методик ва дидактик материаллар (шу жумладан, ўйинлар ва ўйинчоқлар) ва бадиий адабиётларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, мактабгача ёшдаги болалар учун мўлжалланган босма материалларни турли тилларда ишлаб чиқишнинг бозори ва турларини ривожлантириш.1. Республикада мактабгача таълим учун ишлаб чиқилган, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида фойдаланилаётган ўқув-методик ва дидактик адабиётларни инвентаризациядан ўтказиш. 2. Импорт қилинаётган босма материаллар бозорини ўрганиш. 3. Турли имтиёз ва префернцияларни тақдим қилиш орқали хусусий инвестицияларни кенг жалб қилган ҳолда мактабгача таълим учун ўқув-методик ва дидактик адабиётларни тайёрлаш, экспертиза қилиш ва чоп этиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш. 4. Комиссияга чора-тадбирлар дастурини киритиш.2017 йил
1 декабрга қадар
Халқ таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси,
Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Маънавият
ва маърифат» маркази
7.Мактабгача таълим муассасасининг намунавий Устави, шунингдек мактабгача таълим муассасаси ва ота-оналар ўртасидаги намунавий шартнома қоидаларини такомиллаштириш.1. Амалдаги мактабгача таълим муассасасининг намунавий Устави, мактабгача таълим муассасаси ва ота-оналар ўртасидаги намунавий шартнома қоидаларини танқидий ўрганиш. 2. Комиссияга тегишли таклифларни киритиш.2017 йил
1 октябрга қадар
Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги,
Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси,
Бош прокуратура
II. Давлат мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник таъминотини яхшилаш
8.Давлат мактабгача таълим муассасаларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, уларнинг моддий-техник жиҳозланиши аҳволини ўрганиш, янги мактабгача таълим муассасаларига, шу жумладан, турар жой массивлари ва кўп қаватли уйларнинг қурилиши бўйича давлат дастурлари амалга оширилаётганлигини ҳисобга олган ҳолда реал эҳтиёж мавжуд бўлган ҳудудларни аниқлаш.1. Республика ҳудудларидаги давлат мактабгача таълим муассасаларини инвентаризациядан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар таркибларини тасдиқлаш. 2. Ҳар бир мактабгача таълим муассасаси жойлашган жойга чиққан ҳолда инвентаризациядан ўтказиш. 3. Инвентаризация якунларини умумлаштириш ва Комиссияга аниқ таклифлар киритиш.2017 йил
1 декабрга қадар
Халқ таълими вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги,
Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Ички ишлар вазирлиги, Ергеодезкадастр давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
9.Юридик ва жисмоний шахсларга 1991 — 2017 йиллар давомида давлат мактабгача таълим муассасалари бинолари берилиши (сотиш, бепул бериш, бошқача ўзгага берилиши)нинг қонунийлиги ва асослилигини комплекс ўрганиш.1. Ўрганиш ўтказиш учун ишчи гуруҳлар таркибларини тасдиқлаш. 2. Давлат мактабгача таълим муассасалари бинолари бегоналаштирилишининг қонунийлиги ва асослилигини ўрганиш. 3. Ўрганиш якунларини умумлаштириш ва Комиссияга тегишли таклифларни киритиш.2017 йил 1 ноябрга қадарХалқ таълими вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Ергеодезкадастр давлат қўмитаси,
Бош прокуратура, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар
ва идоралар
10.Хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача таълим муассасалари учун замонавий бинолар қурилишининг норма ва қоидаларини такомиллаштириш.1. Давлат мактабгача таълим муассасаларининг инвентаризацияси натижаларига асосан мактабгача таълим объектлари қурилишининг норма ва қоидаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш. 2. Мактабгача таълим муассасалари учун замонавий бинолар қурилишининг норма ва қоидаларини тасдиқлашни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш. 3. Қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.2018 йил 1 мартга қадарДавлат архитектура ва қурилиш қўмитаси,
Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,
Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
11.Янги мактабгача таълим муассасаларининг қурилишига ва амалдагиларини реконструкция қилишга йирик хўжалик юритувчи субъектларни жалб этиш.1. Мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва реконструкция қилишга йирик хўжалик юритувчи субъектларни жалб этиш, инвентаризация натижалари ҳамда янги турар жой массивлари ва кўп қаватли уйлар қурилишига доир давлат дастурларини ҳисобга олган ҳолда чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш. 2. Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш учун жалб этилган субъектларга солиқ ва бошқа имтиёзларни тақдим қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш. 3. Чора-тадбирлар дастурини тасдиқлашни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.2018 йил 1 апрелга қадарМолия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирликлари,
Халқ таълими вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк,
Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерациялари Кенгаши, вазирликлар ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, банк муассасалари
12.Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини, энг аввало, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ҳисобига ривожлантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий асосларни яратиш.1. Нодавлат мактабгача таълимни ривожлантириш соҳасидаги хорижий мамлакатларнинг қонунчилигини ва илғор тажрибасини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлаш. 2. Тошкент ва Нукус шаҳарларида, вилоят марказларида нодавлат мактабгача таълимни ривожлантириш, мазкур соҳада давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш механизмларини белгиловчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш. 3. Қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.2017 йил
1 октябрга қадар
Адлия вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси
13.Давлат мактабгача таълим муассасаларининг жорий фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби ва нормаларини такомиллаштириш.1. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш механизмининг самарадорлиги ва оқилоналиги нуқтаи назаридан қонунчиликни танқидий ўрганиш, шунингдек, молиялаштиришнинг энг кам нормаларини аниқлашнинг асослилигини таҳлил қилиш. 2. Давлат мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, молиялаштиришнинг устуворлигини аниқлаштирувчи мезонларни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиш. 3. Комиссияга тегишли таклифларни киритиш.2017 йил
1 октябрга қадар
Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси,
Адлия вазирлиги,
Бош прокуратура, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
14.Шаффоф марказлаштирилган таъминот тизимини яратиш, етказиб берувчиларнинг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида етказиш ва нарх сиёсатига риоя қилиш бўйича фаолиятини самарали назорат қилишни назарда тутган ҳолда, давлат мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш.1. Қонунчиликни танқидий ўрганиш, болаларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга тўсқинлик қилувчи мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш, шунингдек мазкур соҳада хорижий давлатларнинг илғор ижобий тажрибасини таҳлил қилиш бўйича ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлаш. 2. Давлат мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. 3. Давлат мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат билан таъминлашнинг янги тизимини синаб кўриш мақсадида Тошкент шаҳрида жорий этишнинг экспериментал лойиҳасини амалга ошириш. 4. Комиссияга эксперимент натижалари асосида ишлаб чиқилган аниқ таклифларни киритиш.2017 йил 1 октябрга қадар 2017 йил сентябрь — декабрь 2018 йил
15 январга қадар
Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Давлат рақобат қўмитаси,
Бош прокуратура, «Ижтимоий фикр» маркази,
вазирликлар ва идоралар
15.Болаларнинг соғлом жисмоний ривожланиши учун болалар мебелларини тайёрлаш стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.1. Мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом жисмоний ривожланиши учун зарур стандартларни ҳисобга олган ҳолда болалар мебелларини ишлаб чиқариш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлаш. 2. Мактабгача ёшдаги болалар учун болалар мебелларини тайёрлаш стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 3. Тасдиқланган стандартларга мувофиқ хавфсиз болалар мебелларини миллий ишлаб чиқарувчиларни янада рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Комиссияга киритиш.2017 йил
1 октябрга қадар 2017 йил
1 декабрга қадар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, вазирликлар ва идоралар

Изоҳ: норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тури ўзгариши, шунингдек, тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳаси ва предметига боғлиқ ҳолда ягона ҳужжатга бирлашиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги ПҚ-3261-сон қарорига
2-ИЛОВА

Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия

ТАРКИБИ

1.Арипов А.Н.Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Комиссия раиси
2.Юнусходжаев А.Н.Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси
3.Куранбаев К.К.Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси
4.Садиков Ш.М.Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори
5.Икрамов М.М.Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси
6.Абдуллаев И.Б.Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори
7.Иноятов У.И.Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири
8.Шадманов А.К.Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири
9.Ходжаев Б.А.Ўзбекистон Республикаси молия вазири
10.Давлетов Р.К.Ўзбекистон Республикаси адлия вазири
11.Саидова Г.К.Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири
12.Маджидов И.У.Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири
13.Сайфуллаев Б.С.Ўзбекистон Республикаси маданият вазири
14.Хаитов А.А.Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири
15.Шерматов Ш.Х.Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи
16.Гулямов Р.А.Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси
17.Ахмедходжаев А.И.Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси
18.Абдуллаев А.Х.Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси
19.Мухаммадиев У.Н.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)
20.Файзиев З.О.«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси раиси
21.Инамова С.Т.«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган
халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси
22.Икрамов А.И.Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси
23.Мамадалиева Х.Х.«Оила» илмий-амалий маркази директори
24.Мухамедов У.С.Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи
25.Джурабаев А.А.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари АТД мудири, Комиссия котиби.

Изоҳ: Комиссиянинг аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган шахслар киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига

ШАРҲ

Мактабгача ёшдаги болага сингдирилган билим ва қадриятлар унинг бутун келгусидаги ҳаётини белгилаб бериши сабабли мактабгача таълим уйғун ривожланган шахсни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, ўтган даврда Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълимни ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатишига қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳозирги вақтда республикада 4 893 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бораётган бўлиб, уларни молиялаштиришга фақат 2016 йилда Давлат бюджетидан 1,6 триллион сўм ажратилган.

Ушбу соҳада соғлом ва ҳар томонлама ривожланган ўсиб келаётган авлодни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган 57 мингдан ортиқ мутахассислар меҳнат қилмоқда.

Шу билан бирга, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишга айрим тизимли камчиликлар тўсқинлик қилмоқда.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги тизими мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, мазкур соҳани янада ривожлантириш учун инновацион қарорларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаяпти.

Мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг ҳозирги ҳолати болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермаяпти.

Мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг паст даражаси болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир малакали мутахассислар билан таъминлай олмайди.

Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг озиқ-овқат, моддий таъминоти ва уларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишда ҳам жиддий камчиликлар кузатилмоқда.

Шу муносабат билан, Давлат раҳбари томонидан 2017 йил 9 сентябрда қабул қилинган»Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор билан Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди.

Қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланди.

Давлат раҳбари томонидан ташаббус қилинган давлат-хусусий шериклик механизми замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратишни кўзда тутади.

Инвесторлар ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларида давлат таълим талабларига, санитария-гигиена ва бошқа нормаларга риоя қилиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш, шунингдек, мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш учун масъул бўлиши назарда тутилмоқда. Бунда инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан тегишли талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилди.

Мазкур экспериментлар якунлари бўйича республиканинг бошқа ҳудудларида давлат-хусусий шериклик механизмларини ва мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш масаласи кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Қарор билан ушбу соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди.

Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилди. Комиссия томонидан мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил этиш, шунингдек, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилади. Бунда зарур инфратузилмани яратиш ва мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу билан бир қаторда, сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талаблари, шу жумладан, мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари ҳам замонавий талабларга мувофиқлаштирилади.

Қарорда ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишни соддалаштириш ҳам ўз ичига олган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилди.

Нодавлат мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мақсадида Комиссияга мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, мактабгача таълим соҳасида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг амалга оширилиши мамлакатда мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш имконини беради.