Мактабгача таълим вазирлиги танлов эълон қилади

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича танлов эълон қилади.

Давлат мактабгача таълим ташкилотида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш Ўзбекистон Республикасидаги мактабгача таълим ташкилотларида соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этишга қўйиладиган гигиена талаблари амалдаги (СанПиН) асосида туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари доирасида амалга оширилади.

Танловда юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган, умумий овқатлантиришни ташкил этиш бўйича фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар иштирок этиши мумкин.

Танловда иштирок этишни хоҳловчи корхона ва ташкилотлар Танлов Комиссиясининг Ишчи органи – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълим ташкилотларида соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни таъминлаш бўлими (С.Мирзакаримов, А.Агасиев) билан боғланишлари сўралади.

Танлов иштирокчиларининг таклифлари танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича муҳрланган конвертларда тақдим этилади (танловда иштирок этиш тўғрисидаги ариза ташқи конверт устига елимланади).

Танлов иштирокчиси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг веб-сайтида (www.mdo.uz) берилган танлов ҳужжатлари намуналари билан танишиб, ўзининг ушбу танловда иштирок этишини расмий равишда хат орқали маълум қилади. Танловда иштирок этиш бўйича таклифлар (расмий хат ва муҳрланган ёпиқ конвертда) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг масъул ходимларига тақдим этилиши ёки почта орқали вазирликка юборилиши мумкин.

Танловда иштирок этиш бўйича таклифлар
2021 йил 18-29 октябрь кунлари соат 10:00 дан  17:00 гача (шанба, якшанба дам олиш кунлари ҳужжатлар қабул қилинмайди) қабул қилинади.

Белгиланган вақтда тақдим этилмаган таклифлар қабул қилинмайди.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги биносида ўтказилади. Манзил: 100070, Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 17-уй.

Маълумот учун тел.: 71 207-04-08 (890, 856); E-mail: autsorsing2021@list.ru

Танловга қўйилган МТТларнинг лотлар бўйича тақсимланиши мазкур эълоннинг 1-иловасида кўрсатилган.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш учун танлов ўтказиш ТАРТИБИ 2-иловада кўрсатилган.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш учун танловда ғолиб бўлган талабгорларга шартнома лойиҳаси 3-иловада кўрсатилган.