Мактабгача таълим вазирлиги тизимида бюджет маблағларини сарфланиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди

Бугун, 14 октябрь куни Мактабгача таълим вазирлиги тизимида бюджет маблағларини сарфланиши, ички аудит тизими томонидан аниқланган камчиликлар ва кўрилган чоралар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди

Унда қайд этилишича, ички аудит хизмати томонидан 2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида тизимдаги ташкилотларда жами 282 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлса шундан 106 таси 37% фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўтказилган.

Ўтказилган профилактика натижасида 5,5 млрд.сўмлик маблағ ва товарларнинг талон-тарож бўлиши олди олинган.

Ташкилотлар мулкини қайта хатлаб инвентаризация қилиш натижасида 962 млн сўмлик товар моддий бойликлар ортиқчалиги аниқланиб, ташкилот ҳисобига қайта кирим қилинди.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ олинмаган бўлсада Навоий вилояти Хатирчи тумани МТБ томонидан 100% пулларни таъминотчига ўтказиб бериш оқибатида 152 млн.сўм муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келишига сабаб бўлган. Шундан 66 млн.сўм 2018-2019 йилдан буён ундирилмаган ва ундириш чоралари кўрилмаган.

Мулкни сотишдан тушган маблағлардан 242 млн. сўми тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромадига ўтказиб берилмаган. Давлат харид қонунчилиги талабларига амал қилмасдан амалга оширилган харидлар – 10,5 млрд.сўмни ташкил этган.

Давлат харид қонунчилигини четлаб ўтиб шартномалар тузилиши оқибатида коррупция ва бюджет маблағларини ноқонуний сарфланиши ҳолатларига олиб келади.

Масалан, Термиз шаҳар мактабгача таълим бўлимида танлов комиссияси аъзоси бўлган бухгалтерия ходимининг турмуш ўртоғига тегишли «Real stroy city» корхонаси жорий таъмирлаш, мебель жиҳозлар харид қилиш бўйича ўтказилган 3,2 млрд.сўмлик танловда ғолиб деб топилган. Ваҳоланки, Давлат харид қонунида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб бўлмайди.

Ўтказилаётган профилактика натижасида товар моддий бойликларни харид қилиш ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун давлат харидлари электрон порталига жойлаштирилган эълонлар нотўғри қўйилганлиги яъни харид бўйича тўлиқ маълумотлар жойлаштирилмаганлиги ёки бажариш муддатларини сунъий равишда кам кўрсатилиши натижасида 4 млрд. сўмлик эълонлар бекор қилиниб, қайта жойлаштирилиши таъминланди.

Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда товар моддий бойликларидан 6,6 млрд.сўм камомад ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Шундан ишламайдиган ходимлар номига ёзилган иш ҳақлари 2,4 млрд. сўмни ташкил этади.

9 ойликда жами 265 та тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилди.