Мактабгача таълим вазирлиги ва Жаҳон банки Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаларида болаларга ўйин методлари орқали таълим беришни қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон ҳукуматининг устувор вазифаларидан бири бутун Ўзбекистонда болаларнинг мактабгача таълим олиш имкониятларини такомиллаштириш ва шундай таълимнинг сифатини оширишдан иборат. Жаҳон банки Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) билан ҳамкорликда ушбу мақсадга эришиш ҳамда 3-7 ёшли болаларга мактабгача таълим хизматларидан самарали фойдаланиш имконини тақдим этишга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.

2019 йилнинг май ойида Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳани амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида 74 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Бундан ташқари, мазкур лойиҳа мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларини турли педагогик методикалар бўйича ўқитишни молиялаштиришни ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб 1 миллиондан ортиқ ўғил ва қиз болалар қатнайдиган давлат мактабгача таълим муассасалари замонавий, болалар учун махсус мўлжалланган жиҳоз ва мебель, ўқув-методик материаллар, ўйинлар, ўйин ҳудудлари, ва компьютерларга эга бўладилар. 

МТВ мактабгача таълим муассасалари ва уйда таълим бериш амалиётига ўқитишни ўйин воситалари билан интеграциялашга кўмаклашувчи ташаббусни жорий этмоқда. Жаҳон банки томонидан бошқарилувчи, кўплаб донорлар иштирокидаги «Илк ёшдаги болаларни ўқитиш бўйича ҳамкорлик» траст жамғармаси томонидан тақдим этилган 155 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант мазкур ташаббусни амалга оширишга кўмаклашади. Ушбу ташаббус, шунингдек, болаларнинг мактабга тайёрлик даражасини ошириш мақсадида юқорида номи келтирилган лойиҳани янада тўлдиришга қаратилган.

«Ўқитишнинг ўйинга асосланган инновацион ёндашувлари» ташаббуси болаларга ўйин воситасида таълим бериш имконини тақдим этиш орқали бутун мамлакатдаги мактабгача таълим ташкилотларидаги таълим сифатини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ўйин жараёнида ўқитиш болалардаги мавжуд қобилиятни тўлақонли очиб беради, шунингдек, уларни бутун ҳаёти давомида ўқишга, ҳамкорлик қила олишга, муаммоларни ҳал қилишга ўргатиш билан бир қаторда ижодий фикрловчи ва эътиборли етакчи бўлиб етишишларига замин яратади. Бу эса уларни бугунги ўзгарувчан замонда муваффақият йўлидан боришларига кўмаклашади», – деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин хоним.

Тақдим этилган грант интерактив воситаларни ишлаб чиқишни молиялаштиради. Ушбу воситалардан мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ҳам, ота-оналар ҳам бирдай фойдалана оладилар. Мактабгача таълим муассасалари учун ўйинга асосланган таълим ресурслари ва тарбиячиларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курси ишлаб чиқилади ҳамда улар алоҳида ишлаб чиқилган мобил дастурий таъминот воситасида жорий этилади. Дастур аудиторияда ўқитишнинг ўйинга асосланган методларидан фойдаланиш бўйича тарбиячилар малакасини оширишга мўлжалланган интерактив видеомодулларни ўз ичига олади. 

Бундан ташқари, мобил дастурий таъминот МТВнинг ота-оналар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Ота-оналарга уйда ўйин жараёнида таълим беришни ўргатиш бўйича семинарда иштирок этиш тавсия этилади. Ота-оналар, буви ва бувалар ҳамда ака-ука ва опа-сингиллар учун мўлжалланган махсус материаллардан фойдаланиш имкони ҳам тақдим этилади.  

«Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматининг 2017 йилдан буён мактабгача таълим беришни кенгайтириш билан боғлиқ масалаларда эришган ютуқларини эътироф этади. Биз МТВни болаларни мактабга янада яхшироқ тайёрлайдиган ва уларга, кейинчалик – вояга етгач, жамиятнинг фаол аъзоси бўлиб етишишларига ёрдам берадиган зарур билим ва кўникмаларни ўргатиш билан боғлиқ фаолиятида бундан кейин ҳам қўллаб қувватлаймиз», – деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Марко Мантованелли