Мактабгача таълим вазирлигида ОАВ ходимлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги биносида ОАВ вакиллари учун «Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар самараси 4 йил ичида» мавзусида очиқ мулоқот ҳамда 9 декабрь «Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни» муносабати билан вазирликда «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди.

Унда мактабгача таълим соҳасида 2017-2021 йиллар давомида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага киритилган инновацион педагогик технологиялар, қамровни ошириш юзасидан олиб борилаётган самарали ишларнинг натижалари нодавлат секторининг улуши, бир йиллик мажбурий мактабгача тайёрловнинг мақсади ва натижадорлиги ҳамда ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан оммавий ахборот воситаларига баёнот берилди.

Ўзбекистонда 35 млн. аҳоли истиқомат қилиб, шундан 2,8 млн.ни 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар бўлиб, бунда аҳолининг йиллик ўсиши 800 минг болага тўғри келади, мамлакатимизда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Бугунги кунда 3-7 ёшли болаларнинг умумий сонидан (2,8 млн.) 1 829 328 бола (2017 йилда – 708 247; 2018 йилда – 932 310; 2019 йилда – 1 413 290;

2020 йилда – 1 699 566 бола) ёки мактабгача ёшдаги аҳолининг 64,9 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинди (2017 йилда – 27,7%; 2018 йилда – 37,7%; 2019 йилда – 52,3%; 2020 йилда –60,9%).

Шу билан бирга 2021 йил 3 чорак якунига кўра Ўзбекистон Республикасида 24 922 та мактабгача таълим ташкилоти (2017 йилда – 5 211 та; 2018 йилда – 7 104 та;

2019 йилда – 13 530 та; 2020 йилда – 18 254 та), шу жумладан 6 382 та давлат ва 18 540 та нодавлат, шу жумладан 803 та хусусий, 16 646 та оилавий ва ДХШ доирасида 1 091 та нодавлат МТТ фаолият кўрсатмоқда.

Юқоридаги маълумотлар эса, фоизлар кўрсаткичи йилдан-йилга ортиб борганини кўрсатади. Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, 2030 йилга келиб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олиш режалаштирилган.

Очиқ мулоқотда Коррупция агентлигининг вакили Маманов Сардоржон иштирок этиб, Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Тадбир якунида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга вазирлик масъулларидан жавоблар олишди.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати