Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил I яримйиллигида амалга оширилган ишлари бўйича ҳисоботи

I. Амалга оширилган ишлар

А) Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича

Мактабгача таълм хизматларининг сифати ва ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида қатор норматив – ҳуқуий ҳужжатлар қабул қилинди:, жумладан:

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли навбат асосида қабул қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 319-сон қарори қабул қилинди. Унга кўра, “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга болалар рўйхатига (имтиёзли рўйхат) киритилди.

Давлат-хусусий шериклик шаклидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш ҳамда ушбу соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиш орқали мактабгача таълим қамровини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг:

“Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил
12 апрелдаги ПҚ-5071-сон қарори;

“Ҳудудларда мактабгача таълим хизматларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 26 майдаги ПҚ-5125-сон қарори;

“Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 10 июндаги ПҚ-5144-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ 53 та туманларда 2021−2022 йилларда:

2 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, бунинг ҳисобига 50 минг нафар тарбияланувчи учун янги ўринлар яратилади;

умумий қуввати 11,2 минг ўриндан зиёд бўлган 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади;

қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50 та давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилади.

Қолаверса, давлат ва нодавлат МТТлари тармоғини кенгайтириш ҳисобига уларнинг сони 20 мингтага етказилади ва 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Б) Қамров даражасини ошириш бўйича

Мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, мактабгача таълим тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига мактабгача таълим хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда соҳада нодавлат секторнинг улушини ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида республикада
1062 та мактабгача таълим ташкилотлари (61 та давлат, 7 та та хусусий, 968 та оилавий ва ДХШ асосидаги 26 та нодавлат МТТ) фаолиятини йўлга қўйилиши натижасида болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови
1,5 фоизга оширилди. Бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан
8,4 фоизга кўпдир.

Бугунги кунда республикада жами 19 316 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 6 258 таси давлат ва 13 058 таси нодавлат (795 та хусусий, 11 212 та оилавий ва ДХШ асосидаги 1 051 та нодавлат МТТ) мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этмоқда. Ушбу мактабгача таълим ташкилотларида 1 760 808 нафар бола ёки мактабгача ёшдаги аҳолининг 62,4 фоизи қамраб олинган.

Бундан ташқари, мактабгача таълимнинг ҳудудий бошқарув органлари билан биргаликда тунги сменада ишловчи аёлларнинг фарзандлари учун 24 соатлик гуруҳларни ташкил этишга бўлган ҳақиқий эхтиёж 6 196 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги 980 325 нафар болаларнинг қонуний вакиллари ўртасида сўровномалар ўтказиш орқали ўрганиб чиқилди.

Сўровномалар натижасига асосан, жорий йилнинг 1 июнь кунидан бошлаб республиканинг 5 та ҳудудида жумладан, Андижон вилоятида – 
25 та, Бухоро вилояти – 10 та, Жиззах вилоятида – 4 та, Навоий вилоятида – 4 та, Хоразм вилоятида – 5 та, жами 48 та 24 соатлик гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.

Боланинг илк ривожланишига хизмат қиладиган мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш мақсадида БМТнинг Халқаро болалар фонди ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда Хоразм вилоятининг Боғот ва Қўшкўпир туманларида мактабгача таълимнинг “Турли хил ёшдаги мактабгача таълим гуруҳлари” (ўйин гуруҳлари) фаолияти йўлга қўйилишига эришилди. Мазкур гуруҳлар учун тайёрланган ҳар бир хона кун давомида 2 та гуруҳга хизмат кўрсатишига мўлжалланган бўлиб, уларда жами 176 нафар 3-7 ёшли болалар қамраб олинган.

“Ақлвой” лойиҳаси доирасида республикадаги мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган ҳамда қамров кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларда 4,7 мингдан ортиқ болаларни қамраб олишга мўлжалланган
49 та Исузу автобуслари қайта жиҳозланиб, белгиланган манзилларга етказилди. Мазкур автобуслар негизида 294 та гуруҳларни шакллантириш ҳамда Республика бўйича 98 та МФЙ ҳудудларида улар учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан болалар майдончаларини қуриш ва жиҳозлаш ишлари якунига етказилди.

Жоий йилнинг 2 июнь куни Тошкент вилояти Бўка тумани ҳамда Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида мазкур мобиль хизмат майдончаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган ҳамда қамров кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларда 42 та гуруҳларни шакллантириш манзилли рўйхати тасдиқланди.

Мактабгача таълим ташкилотларида, умумий ўрта таълим муассасаларида, маҳалла фуқаролар йиғини биноларида, педагогик коллежларда, шунингдек, бошқа мос биноларда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб мажбурий бир йиллик бепул мактабга тайёрлов гуруҳлари фаолиятини бошлаш учун хоналарнинг манзилли рўйхати шакллантирилди.

В) Таълим хизматлари сифатини ошириш бўйича

Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги педагогика коллежлари негизида Жаҳон банки билан ҳамкорликда ҳар бири 20 та ривожлантирувчи ўйин гуруҳларини ўз ичига оладиган Илк ривожланиш марказларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Ҳисобот даврида мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида:

ташкил қилинган қайта тайёрлаш курсларига 360 нафар номутахассис тингловчилар қабул қилинди;

масофавий “Online” шаклидаги 23 та малака ошириш тоифалари бўйича ташкил этилган малака ошириш курслари 3 878 нафар режаси амалда 4 251 нафарга (107 %) бажарилди.

Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги педагогларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказларида эса 3740 нафардан 3782 нафар (101,1%), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт буйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, кайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида
813 нафардан 651 нафар (80,1%), жами 10389 нафардан 10593 нафар (102%) раҳбар ва педагог кадрлар ўз малакаларини оширдилар.

Тошкент шаҳридаги “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат-бюджет олий таълим муассасаси филиалида кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларда фаолият кўрсатаётган педагог-дефектологлар учун 16 ва 72 соатли малака ошириш курслари ташкил этилди ва уларда 2021 йилнинг 1 апрелига қадар 122 нафар педагог-дефектологлар ўз малакасини оширди.

Россия, Қозоғистон ва Белоруссиялик мутахассислар иштирокида Кохлеар имплантация операциясини ўтказган болаларни реабилитациясини яхшилаш бўйича Республика ихтисослаштирилган Педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Самарқанд давлат тиббиёт институтити қошида жорий йилнинг 31 майдан 2 июнгача бўлган муддатда республикадаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида фаолият курсатаётган 20 нафар мутахассилар малакаси оширилди.

Мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг касбий компетенцияларини ошириш мақсадида Мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида 28 нафар республика тренерлари, ҳудудларда эса 414 нафар вилоят тренерлари тайёрланди. Режага мувофиқ йилнинг 2-чорагида тренерлар томонидан 5070 нафар педагоглар учун анъанавий ва масофавий ўқув курлари ташкил этилди.

Давлат ва нодавлат макабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнлари сифатли ташкил этиш юзасидан Қашқадарё, Бухоро, Фарғона, Жиззах, Навоий ва Наманган вилоятларининг ҳар бир туманида нодавлат таълим ташкилотлари учун ўқув-семинарлари ташкил этилди.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида олиб борилаётган таълим-тарбия жараёнлари сифатини маҳалла фаоллари томонидан назорат қилиш учун махсус йўриқнома ишлаб чиқилди

Мактабгача таълим ёшдаги болалар учун “Менинг илк изоҳли луғатчам” номли китобча яратиш  концепцияси ишлаб чиқилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шахси, ҳаёти ва фаолияти ҳақида иллюстрацион ҳикоялар ва диалоглар шаклида ги китобининг
100 варақдан иборат макети тайёрланди.

Г) Соғлом ва хавфсиз овқатлантириш бўйича

Мактабгача таълим ташкилотларида соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим ташкилотларининг хавфсиз ва оқилона овқатланишини ташкил этишга қўйиладиган гигиеник талаблар” ҳамда Санитария қоида ва меъёрлари (СанПиН) қайта кўриб чикилди. Ушбу ҳужжат лойиҳаси янги таҳрирда тайёрланиб, тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига киритилди.

2021 йил 1 январдан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 130 та давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларининг 77 таси умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари айлантирилди. Натижада 8 612 та ўрин ўрнига 14 125 та ўринга эга бўлган умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди.

Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари ҳамда ногиронлиги бўлган болаларни таълим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва уларга сифатли коррекцион-педагогик ва реабилитацион ёрдам кўрсатиш мақсадида, мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳридаги 17 та давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари 3,5 млрд. сўм миқдорда, ҳамда Тошкент шаҳрида 289-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги 34-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти хомийлар томонидан замонавий асбоб-ускуналар, дидактик материал, махсус ўйинчоқлар, шунингдек хомийлик маблағлари эвазига реабилитация ускуналари, коррекцион, педагогик ва реабилитация муолажаларини имкон қадар самарали қиладиган турли тренажёрлар бошқа аксессуарлар билан, билан жиҳозланди.

Д) Инвестиция дастури бўйича

2021 йил инвестиция дастури доирасида жорий йилда жами 38 205 қувватга эга 225 та мактабгача таълим ташкилотлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш (22 таси янгидан қуриладиган ва 203 таси реконструкция қилинадиган) учун жами 900,0 млрд.сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

183 та янгидан бошланувчи лойиҳаларнинг барчасида бош лойиҳа ташкилотлари ўрнатилган тартибда танлаб олинди. Ҳозирда 181 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг
177 тасига белгиланган тартибда дастлабки ижобий хулосалари олинди.

Ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, янгидан бошланадиган
176 та объектлар давлат харидлари электрон порталига эълонга жойлаштирилган бўлиб, уларнинг 165 таси бўйича  ғолиб пудрат ташкилотлари аниқланди.

Бугунги кунга қадар буюртмачи томонидан жами объектларга
272,1 млрд. сўм маблағлар молиялаштириб берилган бўлса, пудратчилар томонидан 258,2 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига йилдан-йилга ўтувчи 15 та объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилган бўлиб, фойдаланишга топшириш далолатномалари расмийлаштирилмоқда.

2020 йил инвестиция дастури доирасидаги 339 та мактабгача таълим ташкилотларига 40 номдаги 85 496 334 300 сўмлик мебель ва бошқа турдаги жиҳозлар етказиб берилди. Шунингдек, 1 542 та болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олиш учу мўлжалланган гуруҳларига 19 665 588 600 сўмлик 7 номдаги мебель жиҳозлари манзилларига етказиб берилди.

Е) Маданий-маърифий тадбирлар бўйича

Жорий йилнингь 1 июнь куни Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб “Келажакка яшил қадам” шиори остида “Ўзбекистонда биринчи болалар веломарафони”ни ўтказилди. Мазкур велопойгада 65 нафар ўғил-қиз ўзаро беллашди.

Шу билан бирган жорий йилнинг 1 июнь куни Тошкент шаҳрининг Марказий боғида “Aqlvoy” телеканали ҳамда «Aqlvoy oshpaz» китобининг тақдимоти ўтказилди. Болалар учун мўлжалланган мазкур таомлар рецептлари китоби мактабгача ёшдаги болалар учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, унда 250 дан ортиқ таомнинг тайёрланиш рецепти жой олган.

Мамлакатимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида май-июнь ойларида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан шахмат бўйича “Ўзбекистон биринчилиги” мусобақаси тўрт босқичда ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилди.

Жорий йилнинг 25 июнь куни мусобақанинг вилоят босқичида ғолиб бўлган 28 нафар тарбияланувчилар ўртасида ўтказилган мусобақанинг Республикаси босқичида қиз болалар орасидан 1-ўринни -Н.Махмудова,
2-ўринни -Х.Хуснитдинова, 3-ўринни – А.Содиқова, ўғил болалар орасидан эса, 1-ўринни Э.Махмудов, 2-ўрин – М.Абдиманонов, 3-ўрин – Х.Мухаммадиев кўлга киритди.

Барча иштирокчилар мактабгача таълим вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шу билан бирга, мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларининг ёзги соғломлаштириш даврини самарали ташкил этиш бўйича методик тавсия ишлаб чиқилиб, барча ташкилотларга юборилди.

Ё) Халқаро ҳамкорлик алоқалари бўйича

Бугунги кунда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан хорижий мамлакатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ҳамкорлик фаол ривожлантирилмоқда.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 2021 йилда 49,2 млн AҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 6 млн AҚШ доллари ЛУКОЙЛ иштирокидаги лойиҳа доирасида ва 43,2 млн AҚШ доллари Жаҳон банки лойиҳаси дорирасида жалб этилади.

Шу билан бирган KOICA, Жаҳон Банки, JICA, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ билан биргаликда амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар устида тегишли ишлар амалга оширилб келмоқда

KOICA – Педагог кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича;

Жаҳон Банки – Мактабгача таълимнинг муқобил шакллари бўйича ишлар, педагог кадрлар салоҳиятини ошириш, консалтинг пакетларини оптималлаштириш ишлари, халқаро консультантлар билан ишлар бўйича;

JICA – Махсус педагог кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича;

ЮНЕСКО – Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш сиёсатига доир масалалар бўйича IV Осиё-Тинч океани минтақавий форумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинмоқда.

ЮНИСЕФ – Мактабгача таълимнинг муқобил шакллари бўйича ишлар ва бошқалар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, АҚШ дастурларини амалга оширувчи “Mercy Corps” халқаро нодавлат ташкилоти билан қиймати 21,7 млн АҚШ долларга тенг бўлган “Таълим учун озиқ-овқат” лойиҳасини 2021-2025 йилларда Қорақолпоқистон Республикаси, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида амалга оширилишига келишилди.

Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида Мактабгача таълим вазирлигида 50 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди, улардан Белорусь Республикаси Таълим вазири И.В. Карпенко, Ўзбекистондаги Жаҳон банки ваколатхонаси раҳбари Марко Монтановелли, Ўзбекистондаги Корея Республикаси КОICA ваколатхонаси раҳбари Пак Сунджин, Ўзбекистондаги Япония JICA ваколатхонаси раҳбари Миядзаки Сугуру, Корея-Ўзбекистон бизнес ассоцияси раҳбари ўринбосари Эдвард Ким, Саудия тараққиёт жамғармасининг Осиё минтақаси лойиҳалар бўйича бошқарувчиси доктор Сауд ал Шаммари ва бошқалар.

Мазкур учрашувларда вазирлик ва ҳамкор ташкилотлар ўртасида Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш бўйича 5 та ҳамкорлик лойиҳа ҳужжатлари имзоланди. Улардан ЮНИСЕФ томонидан Ўзбекистондаги мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш учун “Learning passport” номли рақамли таълим платформасини яратиш, Ўзбекистондаги Япония JICA ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистонда алоҳида парваришга муҳтож болалар билан ишлайдиган педагог кадрларнинг малакасини ошириш бўйича” лойиҳаси, Корея-Ўзбекистон бизнес ассоцияси томонидан мактабгача таълим тизими учун яратилаётган “EDU LINK” ахборот тизими лойиҳаси, Фарғона шаҳридаги Корея-Ўзбекистон халқаро университети билан университет битирувчиларини бўш иш ўринлари билан таъминлаш шартномаси. Шунингдек, ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотлари учун 400 та беговел-велосипедларни қабул қилиш ва тақсимлаш ишлари амалга оширилди.

Ж) Тизимда аниқланган молиявий камчиликлар

Ички аудит хизмати томонидан 2021 йил 1-ярим йиллиги давомида мактабгача таълим бўлимлари ва мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган 210 та назорат тадбирларида жами 24,4 млрд.сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди.

Жумладан, ноқонуний харажат ва камомадлар 15,2 млрд.сўмни (62,4%);

Давлат харид қонунчилиги талабларини бузилиши 7,2 млрд.сўмни (29,5%);

бюджет ва ташкилот хисобига қўшимча хисобланган даромадлар
1,5 млн.сўмни (6,5%) ташкил этди;

Бошқа молиявий-хато камчиликлар 402,6 млн.сўмни (1,6%) ташкил этди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” талабларига зид равишда 268 нафар болалар ноқонуний мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилинган.

Ҳисобот даврида 189 та ташкилотлар бўйича назорат тадбири хужжатлари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.

З) Фуқароларнинг ёзма ва оғзаки  мурожаатлари бўйича

Мактабгача таълим вазирлигига 2021 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 2 319 та мурожаатлар тушган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар сони 627 тани ташкил этган бўлиб, улардан 417 таси қаноатлантирилган, 165 тасига тушунтиришлар ва хуқуқий маслаҳатлар берилган, 18 таси кўрмасдан қолдирилган. Кўриб чиқиш натижалари бўйича мурожаатларнинг қаноатлантириш даражаси 71,5 фоизни ташкил этди.

Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг тасарруфидаги муассаса ва ташкилотларда ҳар бир мурожжатни мурожаат муаллифи иштирокида кўриб чиқилиши, суҳбат давомида аниқ тушунтиришлар ва тавсиялар берилиши йўлга қўйилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини Қонун талаблари асосида кўриб чиқилиши назоратга олинган.

II. Тизимдаги мавжуд муаммолар ва камчиликлар

Мактабгача таълим тизимида мавжуд тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар.

1. Республикадаги 3-7 ёшдаги болалар сони 2,8 млн нафар бўлиб, уларнинг 62,4 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган.

Таклиф.

– Мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳисобига қўшимча ўринлар яратиш;

– Ижтимоий соҳа объектларида қисқа муддатли, мактабга тайёрлов ва мажбурий бепул мактабга тайёрлов гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш;

– Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кенгайтириш ва уларга давдлат томонидан имтиёзларни ошириш;

– Халқаро тажриба асосида болаларни мактабгача таълимга қамраб олишнинг муқобил шаклларини жорий этиш;

– Мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ҳаажатларини камайтириш мақсадида қурилишнинг муқобил шаклларидан фойдаланиш.

2. Мактабгача таълим ташкилотлари гуруҳларининг замонавий дидактик таъминоти тўлиқ ташкил этилмаган.

Таклиф. Мактабгача таълим ташкилотлари учун кўргазмали плакатлар, 12 000 комплект дидактик тарқатма карточкалар, комплект дидактик қўлланмала ва ёзув дафтарларини чоп этиш ва жойларга етказиш билан боғлиқ маблағларни ажратиш;

3. Мактабгача таълим ташкилотлариди олий маълумотли педагоглар салмоғи даражаси паст.

Таклиф. Педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг битирувчиларини мактабгача таълимга жалб этиш ва тизимда фаолият юритаётган номутахассис ва нопедагог кадрларни 4 ойлик қайта тайёрлов курсларидан ўтказиш орқали мактабгача таълим ташкилотларида олий маълумотли педагоглар салмоғини ошириш. Шунингдек, олий ўқув муассасаларидаги мактабгача таълим йўналишида квоталар сонини ошириш.

4. МТТ тарбиячи ва ўқитувчисининг иш ҳақи миқдори мактабдагидан пастлиги ва иш ҳақи табақалашмаганлиги таълим тизимига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мудиранинг иш ҳақиси пастлиги туфайли, “ўлик жон” ходим, ноқонуний қабул қилинган бола, озиқ-овқат, иш ҳақи, ота-она бадал пуллари ва қурилиш орқали бюджет маблағларини талон-тарож қилинмоқда.

Таклиф.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги 10-сон қарор билан тасдиқланган “Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги қарорни қайта кўриб чиқиш таклиф этилади:

– МТТлар тайёргарлик гуруҳидаги олий маълумотли тарбиячи лавозим маошини умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси маошига тенглаштириш;

– методист лавозим маошининг тайёргарлик гуруҳи олий маълумотли тарбиячисининг лавозим маошидан 5% ортиқ миқдорда белгилаш;

– МТТ мудири лавозим маошини методист лавозим маошидан 5% ортиқ миқдорда белгилаш;

– МТТдаги бошқа педагог ходимлар ва тарбиячи ёрдамчиларининг лавозим маошларини 20 %га ошириш.

5. Мавжуд давлат мактабгача таълим ташкилотларини капитал таъмирлаш.

Таклиф.

– Ҳар йилги давлат Инвестиция дастурларига маблағ ажратишда Устувор мезон сифатида фуқаролар мурожаатларини инобатга олиш.

Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган қарорларга аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан берилган таклифларни инобатга олиш.

6. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудларида давлат мактабгача таълим ташкилотларини қуриш.

Таклиф. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил
8 майдаги ПҚ-4312-сон қароридан келиб чиққан ҳолда ҳар йилги давлат Инвестиция дастурлари асосида янги қуриладиган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг манзилли рўйхатига таклифлар бериш.