Мактабгача ёшдаги болаларда таълим-тарбия жараёнининг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган ХХI асрда бу масала ҳақиқатдан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”, дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

Ш.М.Мирзиёев

Бугунги кунда юртимизда ёшлар тарбияси, уларнинг билим олиши ва малакали кадр бўлиб етишишларига катта эътибор қаратилмоқда ва бунинг амалдаги исботини биз барча таълим босқичари, жумладан, Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг қошидаги ташкилотлар  фаолиятида кўришимиз мумкин.  Мактабгача таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар берилиши лозим бўлган таълимнинг муқобил шакллари, давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг бугунги моддий-техник базаси ва уни янада бойитиш каби бир қатор масалалар жорий йил 10 июнь санасида МТТ директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида бўлиб ўтган “Мактабгача ёшдаги болаларда таълим-тарбия жараёнининг долзарб масалалари” мавзусидаги Республика илмий-амалий онлайн конфренциясида кўриб чиқилди.

Конфренцияни Малака ошириш институти ректори К.А. Эшпўлатов очиб берди. Шундан сўнг дастурга киритилган мактабгача таълим ташкилотларида “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида ривожлантирувчи марказларда таълимий фаолиятни ташкил этиш, МТТ педагоглари малакасини оширишнинг андрагогик ва методик асослари,  мактабгача таълим ташкилотлари ва оила ҳамкорлигини ривожлантириш каби масалалар ўртага ташланди.

Тадбирда МТТДМҚТМОИ профессори, педагогика фанлари доктори Қаҳрамон Олимов ва Фотима Қодирова, МТВ бошқарма бошлиғи Шуҳрат Камолов,  МТТДМҚТМОИ профессори, география фанлари доктори Асқар Нигматов ва бошқалар турли мавзу ва масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириб ўтди. Конфренция сўнгида иштирокчилар сертификат билан тақдирланди.