Маънавият – инсон қалбининг кўрки.

Бугун, 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси ҳамда Республика маънавият ва маърифат марказининг Тошкент вилояти бўлими билан ҳамкорликда Қибрай туманидаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида «Мактабгача таълим тизимида узлуксиз маънавий тарбияни амалга ошириш» мавзусидаги вилоят семинари ўтказилди.


Унда Тошкент вилояти мактабгача таълим бошқармасининг тегишли мутасаддилари, Қибрай тумани мактабгача таълим бўлими раҳбарлари, маънавият тарғиботчилари Ўзбекистон Халқ артисти Азиза Бегматова ва «Муқумий» номидаги Ўзбек давлат мусиқа ва драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Отабоевлар иштирок этди.
Жумладан, туман ва шаҳар Мактабгача таълим бўлимлари онлайн тарзда зоом орқали қатнашдилар. Семинарда бошқарманинг маънавият-маърифат бўлими бош мутахассиси С.Раҳмонбердиев сўзга чиқиб, маънавий тарбиянинг бола ҳаётидаги ўрни хусусида фикр билдирди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, «Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир». Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, бугунги кунда вилоят миқёсидаги 22 та туман ва шаҳар мактабгача таълим бўлимларидан 22 та маънавият тарғиботчилари бириктирилган бўлиб, улар билан ҳамкорликда барча мактабгача таълим ташкилотларида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Тошкент вилояти мактабгача таълим бошқармаси тасарруфида жами 1561 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, шундан 498 таси давлат, 26 та ташкилотга қарашли, 128 та хусусий, 34 та Давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат ва 875 та оилавий мактабгача таълим ташкилотларини ташкил қилади. Бу эса, вилоятда мавжуд 218 609 нафар 3-7 ёшли болалардан янги 24 637 қувват яратилиш ҳисобига 132 182 нафари қамраб олинди ҳамда, 60,5 фоизга етказилиши таъминланди деганидир. Тошкент вилоятида жами мавжуд бўлган 1561 та мактабгача таълим ташкилотларида худди шунча яъни, 1561 нафар маънавият тарғиботчилари тарбияланувчиларнинг маънавий онги шаклланиб бориши йўлида маънавиятни юксалишида хизмат қилувчи тадбирларни ташкиллаштириб келмоқдалар.


6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида «Мактабгача таълим тизимида узлуксиз маънавий тарбияни амалга ошириш» мавзусида бўлиб ўтган вилоят семинари доирасида ташкилот тарбияланувчилари иштирокида эркин мавзулардаги расм чизиш машғулотлари ҳам ўтказилди. Мазкур расм чизиш машғулотларида болажонлар ўзларини қизиқтирган жумладан, «Менинг оилам», «Менинг уйим», «Ўзбекистон она диёрим» каби мавзуларда ўз ижодларини намоён этдилар. Ўзбекистон Халқ артисти, маънавият тарғиботчиси Азиза Бегматова маънавиятнинг театр санъатида намоён бўлиши тўғрисида айтиб, ўзининг ҳаёти ва ижоди йўлида учраган маънавиятга алоқадор воқеалардан барчага улашди. Шунингдек, «Муқумий» номидаги ўзбек давлат мусиқа ва драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Отабоев сўзга чиқиб, маънавиятнинг асл моҳиятини ўқитувчиларда кўришлигини, уларнинг касбий машаққатлари олдида таъзим қилиш лозимлигини айтиб ўтди. Жумладан у, 1920 йилда барпо этилган 6-сонли мактабгача таълим ташкилотининг аввалги хароба ҳолати билан ҳозирги кунга келиб барча шароитларга эга бўлган ташкилотга айланганлиги, юртимизда яратилаётган имкониятларга шукроналик ҳисси билан яшашимиз кераклиги, бу эса маънавияти юксак инсонга хос бўлган ҳислат эканлиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Манба: Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати.