Наманганда “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2021” Республика касбий кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиблари эълон қилинди.

Тизим тарбиячиларининг касб маҳоратини такомиллаштириш, уларнинг илғор педагогик технологиялар, хусусан, инновацион усуллардан самарали фойдаланиш бўйича тажрибаларини оммалаштириш мақсадларига қаратилган ушбу танловнинг дастлабки саралаш босқичларида қарийб 2 минг 500 дан зиёд мутахассис иштирок етди. Улар “Энг яхши методист тарбиячи”, “Энг яхши ижодкор тарбиячи”, “Инновацион ва ахборот технологияларни қўллайдиган энг яхши тарбиячи”, “Энг яхши ғоя муаллифи” ҳамда “Моҳир қўл устаси” каби номинациялар бўйича баҳс олиб боришди.

Мазкур жараёнларда ғолиб чиққан 75 нафар мутахассис мамлакат босқичи йўлланмасини қўлга киритиш учун танловнинг вилоят босқичида иштирок этди. Уларнинг беш йўналишда бажарган шартларини талабчанлик билан баҳолаган ҳакамлар ҳайъати пойтахтда Наманган вилояти шарафини ҳимоя қиладиган тарбиячилар номини аниқлаб берди. Якуний хулосага кўра, Тўрақўрғон туманидаги 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Феруза Мамадалиева “Энг яхши методист тарбиячи”, Поп туманидаги 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Комуна Бурхонова “Энг яхши ижодкор тарбиячи”, Чуст туманидаги 51-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Марғуба Мухторова “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи”, Чортоқ туманидаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулгина Aбдулина, “Энг яхши ғоя муаллифи”, Тўрақўргон туманидаги 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Наргиза Aкбарова “Моҳир қўл устаси” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилдилар.

Илм- маърифат ва маҳорат намойиши натижасига бағишланган мазкур тадбирда Наманган вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев қатнашди. У муҳтарам Президентимиз томонидан тамомила қайта ислоҳ этилган мактабгача таълим тизимининг сўнгги беш йиллик самарали фаолиятини эътироф этар экан, мазкур танлов соҳанинг сифат тамойилини янада яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир давомида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи илола Юсупова ғолиб ва совриндорларни қизғин табриклади. Уларни танлов дипломлари, ташаккурномалар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.

Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати