Навоийда яна бир МТТ фойдаланишга топширилди

Нурота тумани Ғафур Ғулом номидаги МФЙда 10-сонли давлат МТТ фойдаланишга топширилди.


Мазкур 150 ўринли МТТ Инвестиция дастури асосида 2 млрд 575 млн сўм маблағ сарфланиб, тўлиқ реконструкция қилинди. Ҳозирда ташкилот давлат таълим-тарбия стандартларига тўла жавоб беради ва тарбияланувчиларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш учун етарли шарт-шароитларга эга.


Маълумот учун. Нурота туманида 84 та МТТ бўлиб, улардан 19 таси давлат, 59 таси оилавий ва 6 таси ДХШ асосидаги МТТлардир. Ҳозирда тумандаги 3-7 ёшли болаларнинг 69,3 %и мактабгача таълим билан қамраб олинган. Жорий йил сўнгига қадар бу кўрсаткични 72,5 %гача етказиш мақсад қилинган.


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги «2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4936-сонли Қарорига асосан 2021 йил Инвестиция дастурига киритилган 2 та янги давлат МТТ қуриш ҳамда 8 та мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш режалаштирилган эди.