Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 24 май куни ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотларида қамровини кенгайтириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.


Йиғилишда сўнгги тўрт йилда МТТлар сони 5 минг 200 тадан 18 минг 300 тага ошганлиги, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2 баробар ортиб, 60 фоизга етганлиги, бугунги кунда барча мактабгача таълим ташкилотларида 1 миллион 700 минг нафар бола тарбияланаётганлигига урғу берилди.
Шу билан бирга, Давлат раҳбари бу ишлар ҳали етарли эмаслига, 53 та туманда боғчалар етишмаслигни, айниқса, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Қамаши ва Китоб, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларида қамров даражаси жуда пастлиги танқид остига олинган.
Мазкур 53 та туманда 34 минг ўринли 2 мингта оилавий боғча ташкил этиш чоралари белгиланди. Бундай боғчаларга қўшимча ишчи ёллашга рухсат бериб, қабул қилинадиган болалар сонини икки баробар ошириш таклифи маъқулланди.
Давлатимиз раҳбари асосийси таълим-тарбия мазмуни эканини таъкидлаб, оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материалларни бепул етказиб бериш вазифасини қўйди. Бунинг учун давлат томонидан жами 30 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, Президент бундай ташкилотларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун 5 фоиз ставкада 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилишини айтиб ўтдилар.
Олис ҳудудларда мактабгача таълим қамровини кенгайтиришнинг яна бир манбаси – давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалардир. Бугунги кунда бундай муассасаларда бир бола учун 50 фоиз харажатлар субсидия қилиб келинмоқда.
Йиғилишда ушбу субсидия миқдорини 75 фоизга етказиш, хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат бюджетидан қоплаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, пандемия сабабли тўлиқ қувватда ишламаган давлат-хусусий шериклик боғчаларнинг кредитлари бўйича асосий қарз тўлови муддати ҳам йил якунига қадар узайтирилди.
Давлат томонидан янги боғчалар қуриш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. 2021-2022 йилларда 23 та туманнинг олис ва чекка ҳудудларида 50 та мактабгача таълим муассасаси барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун қамров даражаси энг паст ва болалар сони 250 тадан ошган 50 та маҳалла танлаб олинган.
Мактабгача таълим муассасаларининг 12 минг нафар ходимини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиши белгиланди.
Президентимиз барча тегишли йўналишлар бўйича топшириқлар берди.
Жорий йилнинг 25 май куни Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин томонидан видеомулоқот тарзида барча ҳудуд раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилди. Унда Давлат Раҳбари томонидан қўйилган барча вазифалар ижроси ҳамда уларни сифатли бажаришда масъул эканлиги белгилаб қўйилди, сусткашликка йўл қўйган раҳбарга нисбатан кескин чоралар кўрилиши билдирилди.
Шунингдек, 2021 йил Давлат Дастурида белгиланган устивор вазифаларни ўз муддатларида сўзсиз бажариш лозимлиги таъкидланди. Айниқса, вазир МТТларни илғор хорижий тажриба асосида қуриш, замонавий жиҳозлар ва қўлланмалар билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берди. Мактабгача таълим соҳасини янада такомиллаштириш ва унда янги технологияларни жорий этиш йўлида барча ҳудудий раҳбарлар томонидан инновацион ғоялар таклифини киритиш масаласи ҳам айтилди.