Президентнинг “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 24 май куни ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилган эди.

Шунга мувофиқ, “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5144-сон, 10.06.2021 й.) қабул қилинди.

Мазкур қарорда,

  • қамров даражаси паст бўлган 53 та туманда 2021-2022 йилларда:
  • 2 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, бунинг ҳисобига 50 минг нафар тарбияланувчи учун янги ўринлар яратилади;
  • умумий қуввати 11,2 минг ўриндан зиёд бўлган 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади;
  • қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50 та давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилади;

Бундан ташқари, Мактабгача таълим вазирлигининг 2021-2022 йилларга мўлжалланган йиллик режасига биноан 2 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг очилиши режалаштирилган бўлиб, жами 4 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этади.

Шунга кўра, ташкил этилаётган давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига болаларни қамраб олиш 118 минг 700 нафарни ташкил қилади. Бу, ўз навбатида, қўшимча 11 400 нафар кишига иш ўрни яратилишини таъминлайди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 июлдан:

  • оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мавжуд қувватига қараб 50 нафаргача болани тарбиялашга ҳамда тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллашга рухсат берилади;
  • оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ёлланган (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – 2 нафаргача, бошқа ҳудудларда – 4 нафаргача) тарбиячи ва ёрдамчиларга тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида ва ҳажмларда иш ҳақи тўланади;
  • оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари орқали ўқув материаллари билан бепул таъминланади;
  • 2022 йил 1 январга қадар оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мебель, жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун 30 миллион сўмгача миқдорда 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан
    5 фоизли ставкада кредитлар ажратилади.

Барчамизга маълум мактабгача таълим, узлуксиз таълимнинг бошланғич бўғинидир. Шу боис мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати сифатида кўрилиб,  2017 йилдан буён, бу тизимда қатор амалий ишлар олиб борилиб, соҳа тубдан ислоҳ этилмоқда.

Хусусан, охирги тўрт йилда боғчалар сони 5 минг 211 тадан 18 минг 300 тага ошди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси икки баробар ортиб, 27,7 фоиздан 60,9 фоизга ошди. Давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар натижасида хусусий ва оилавий боғчалар ҳам кўпайди. Бугунги кунда республика бўйлаб мактабгача таълим ташкилотларида 1 миллион 700 минг нафар бола тарбияланмоқда. Ваҳоланки, 2017 йилда 708 минг нафар болалар мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган эди.

Ҳа, эътироф этсак арзигулик ишлар минглаб бажарилди, аммо бу ишлар ҳали етарли эмас, чунки республиканинг 53 та туманларида мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш, таълим сифатини янада такомиллаштириш, шу билан бир қаторда, мактабгача таълимга, юртимиздаги 3-7 ёшдаги барча болаларни қамраб олиш каби вазифалар ўз ечимини кутмоқда.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати