Расмий муносабат

Мактабгача таълим вазирлиги «Rost24.uz» сайтида эълон қилинган журналистик суриштирув юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Андижон вилоятида ҳозирда 64 та маҳаллада болалар боғчаси мавжуд эмас. Ушбу 64 та МФЙ даги болажонларни мактабгача таълимга қамраб олиш юзасидан 2022-2024 йиллар давомида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари очиш режалаштирилган. Шунингдек вилоятда шу кунга қадар 84 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари филиалларидан 71 таси асосий давлат ташкилотларига  айлантирилган. 13 таси давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сифатида фаолият кўрсатиши учун тадбиркорларга берилган.

Барча ДМТТлар совутгичлар билан таъминланган. 2022 йил давлат дастурига 17 та (1 та янги қурилиш, 16 та реконструкция) ДМТТлар киритилди ва 2023 йил учун 25 тасини дастурга киритиш таклифлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, ҳозирда 16 та (Асакада  4 та, Бўстонда 1 та, Улуғнорда           1 та, Пахтаободда 4 та, Шахрихонда 6 та) боғчага ичимлик суви ташиб келтирилади,  18 та ташкилотнинг қисман атрофи ўралмаган.

Бундан ташқари, бугунги кунда вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотларида мусиқа машғулотлари ўтиш учун шароит яратилган ҳамда барчасида кичик кутубхоналар (китобхонлик бурчаги) ташкиллаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарорига асосан мамлакатимиздаги 53 та туманда 2021-2022 йилларда мактабгача таълим қамровини ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб берилган. Хусусан, 1991 йилда Ўзбекистон Республикасида жами   10 134  та мактабгача таълим ташкилотлари бўлган. Аҳолининг ўсиш суратлари бўлишига қарамай МТТлар сони 2016 йилда 4 916 та бўлган. 2017 йилда МТТлар сони  5 211 тани (4961 тa давлат ва 250  тa нодавлат) ташкил этган бўлса, бугунга қадар уларнинг сони, яъни 2021 йил сентябрь ойи ҳолатига кўра 24 922 тага (6 382 тa давлат ва 18 540  тa нодавлат) етди.

Шунингдек, мақолада “Янгиҳаёт туманидаги   248, 99, 21, 24, 53, 204, 206-боғчалар қурилиши ҳали битмаган”и таъкидланган. Аслида 248-ДМТТ Олмазор туманида жойлашган бўлиб, ташкилотни реконструкция қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19-декабрдаги Инвестиция дастури тўғрисидаги ПҚ-4067-сонли қарорига асосан тасдиқланган. Объектда қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётган вақтида лойиҳа-смета ҳужжатларида кўзда тутилмаган қўшимча иш ҳажмлари борлиги сабабли пудратчи ташкилот томонидан қўшимча маблағ талаб этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 ноябрдаги 159-сонли Раёсат баёнига асосан 900,0 млн. сўм қўшимча маблағ ажратилганлиги ва бугунги кунда мазкур объектни реконструкция қилиш бўйича (2 босқич ишлари учун) тегишли вазирлик ва идораларга 2021 йилдан 2022 йилга ўтувчи объект бўлиб Раёсат баёнига киритилиши бўйича таклифлар берилган.

Юнусобод туманидаги реконструкция қилиниши лозим бўлган 99-сонли МТТ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4936-сонли қарорига асосан 2020 йилдан 2021 йилга ўтувчи объект бўлиб Инвестиция дастурига киритилган. Мазкур объектнинг пудратчи ташкилотига нисбатан Юнусобод туман прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган ва ҳозирда прокуратура томонидан қўзғатилган жиноий иш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Объектни бугунги кунга қадар фойдаланишга топширилмаганлиги ва қурилиш ишлари якунланмаганлиги ҳамда қурилиш нормаларига зид равишда қурганлиги сабабли пудрат ташкилоти билан тузилган пудрат шартномаси бир томонлама бекор қилинган. Объектни қурилиш ишлари 2021 йилдан 2022 йилга ўтиши бўйича тегишли вазирлик ва идораларга таклифлар киритилган.

Шайҳонтохур туманидаги 21-сонли МТТни реконструкция қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги
ПҚ-4936-сонли қарорига асосан
2020 йилдан 2021 йилга ўтувчи объект бўлиб Инвестиция дастурига киритилган. Мазкур объектнинг ер майдони Франция элчихонасининг ҳудудига тегишли бўлганлиги сабабли қурилиш ишлари тўхтатилган эди. Ҳозирги кунда қурилиш ишларига рухсат берилиб, қурилиш ишлари (ташқи ободонлаштириш, пардозлаш, бесетка, бетон стаяшка ишлари) амалга оширилиб, жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.

Чилонзор туманидаги 24-сонли МТТни реконструкция қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги
ПҚ-4936-сонли қарорига
асосан 2021 йил Инвестиция дастурига киритилган. Мазкур объектда реконструкция қилиш биносининг қурилиш ишлари якунланган, қўшимча қурилиш (ошхона) биноси ва ташқи ободонлаштириш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда, жорий йил якунига қадар тўлиқ фойдаланишга топширилади

Юнусобод туманидаги 53-сонли МТТни реконструкция қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4936-сонли қарорига асосан 2020 йилдан 2021 йилга ўтувчи объект бўлиб Инвестиция дастурига киритилган. Мазкур объектда қурилиш ишлари (ташқи ободонлаштириш, бинони ички қисмида ранг бериш ишлари) амалга оширилиб, жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.

Чилонзор туманидаги 204-сонли МТТ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги
ПҚ-4936-сонли қарорига асосан
2020 йилдан 2021 йилга ўтувчи объект бўлиб Инвестиция дастурига киритилган. Мазкур объектда қурилиш ишлари (кафел териш, ламинат, ташқи ободонлаштириш) амалга оширилмоқда, жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.

Юнусобод туманидаги 206-сонли МТТ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги
ПҚ-4936-сонли қарорига асосан 2020 йилдан 2021 йилга ўтувчи объект бўлиб Инвестиция дастурига киритилган. Мазкур объектнинг қурилиш ишлари (кафел териш, ламинат, ташқи ободонлаштириш) ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.

Косон туманидаги “Замин” МФЙда 1976 йил,    “Бинафша” номли собиқ 17-сонли МТМ қурилган бўлиб, бола қамрови паст бўлганлиги сабабли 2014 йилда фаолияти тўхтатилган. 2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция манзилли дастурига киритиб реконструкция қилиш ва давлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш бўйича таклиф берилган. Ҳозирги кунда лойиҳалаш ишлари кетяпти.

Наманган вилояти Чуст туман “Янги ер” МФЙ ҳудудида жойлашган 63-сони МТТ 1971 йилда қурилган. Қуввати 50-ўринли. Мослаштирилган бинода фаолият юритади. Ҳозирги кунда ушбу ташкилотга 66 нафар тарбияланувчи қамраб олинган. Бугунги кунга қадар ташкилотнинг асосий биносининг иситиш тизими, ҳожатхонаси ва қўрғон девори туман МТБ ташаббуси ҳамда жалб этилган ҳомийлар кўмагида таъмирланган. Бундан ташқари, жорий ҳафтанинг дастлабки кунларида ташкилот ҳовлисидаги мавжуд йўлаклар асфальтлаб берилди.  Ташкилотда капитал реконструкция ишларини 2022-2025 йиллар давомида “Инвестиция” давлат дастури асосида амалга ошириш  режалаштирилган.

Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги ЎРҚ-595 сонли қарорнинг                  9-моддасида кўра, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мактабгача таълим ва тарбия соҳасида лицензиялар бериш ваколати юклатилган. Шу сабабли, мазкур хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ўзларининг белгилаган Низомига кўра, болалар бадал пулини тадбиркор ўзи ихтиёрий тартибда белгилайди. Шунингдек, давлат мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат масаласи бўйича, унда шаффофликни ошириш юзасидан бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда. “Болалар боғчаси” мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш лойиҳаси Тошкент шаҳри  Бектемир туманида тажриба-синов қисми бошланди.

Ҳозирда мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларга сифатли таълим  бериш мақсадида “Илк қадам” давлат ўқув дастури ишлаб чиқилган. Шунингдек, Герцен номидаги Москва давлат Педагогика Университетининг Тошкент шаҳри филиали ҳамда Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида онлайн ва оффлайн тарзда соҳа муттахассислари қайта тайёрланмоқда.

Бугунги кунда Инвестиция дастури асосида вилоятлардаги энг чекка ҳудудларида мактабгача таълим ташкилотлари қад ростламоқда. Президентимиз ташаббуси билан чекка ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилотларида болалар бадал пули 8 та вилоятнинг 50 га яқин туманларида 50% чегирма қилинди. Бу эса мазкур ҳудуддаги болажонларни мактабгача таълим қамрови кенгайишига хизмат қилмоқда.

Мактабгача таълим вазирлиги мақолада келтирилган маълумотлар ва рақамларнинг хато эканлигини қайд этади. Хусусан 2021 йилга келиб боғча ёшидаги 2,8 миллион нафар боланинг 64,9 фоизи мактабгача таълимга билан қамраб олинганини маълум қиламиз. 

Хусусан,  мақолада МТТлар сони ортмаётгани таъкидланган. Ушбу важни рад этган ҳолда, аниқ рақамларни келтирсак:

Ўзбекистонда 35 млн. аҳоли истиқомат қилиб, шундан 2,8 млн.ни 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар бўлиб, бунда аҳолининг йиллик ўсиши 800 минг болага тўғри келади. Мамлакатимизда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда 3-7 ёшли болаларнинг умумий сонидан (2,8 млн.) 1 829 328 бола (2017  йилда – 708 247; 2018 йилда – 932 310; 2019 йилда – 1 413 290; 2020 йилда – 1 699 566 бола) ёки мактабгача ёшдаги аҳолининг 64,9 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинди (2017 йилда – 27,7%; 2018 йилда – 37,7%; 2019 йилда – 52,3%; 2020 йилда –60,9%).

Шу билан бирга 2021 йил 3 чорак якунига кўра, Ўзбекистон Республикасида 24 922 та мактабгача таълим ташкилоти (2017 йилда – 5 211 та; 2018 йилда – 7 104 та; 2019 йилда – 13 530 та; 2020 йилда – 18 254 та), шу жумладан 6 382 та давлат ва 18 540  та нодавлат, шу жумладан 803 та хусусий, 16 646 та оилавий ва ДХШ доирасида 1 091 та нодавлат МТТ фаолият кўрсатмоқда.

Юқоридаги маълумотлар эса, фоизлар кўрсаткичи йилдан-йилга ортиб борганини кўрсатади. Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, 2030 йилга келиб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олиш режалаштирилган.

Статистикa қўмитасининг маълумотида қайд этилишича, 2021 йил январь ҳолатига кўра, мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар жами  2.8 миллион нафарни ташкил этади. Бу эса бугунги кунда боғча ёшидаги болаларнинг 64,9 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинганини исботлайди. Шунингдек, Статистика қўмитаси томонидан давлат ва ДХШ мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган болалар сони эълон қилинган. Ушбу статистик маълумотларда оилавий ва хусусий МТТлар ҳақида маълумот киритилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3571-сонли қарори билан 2018 йил 1 мартдан ва 1 сентабрдан бошлаб мактабгача таълим тизими ходимлари ойлик маошлари оширилиш бошланган. 2018 йил 1 сентабрдан бошлаб ўқитувчилар, олий маълумотга эга бўлган тайёрлов гуруҳи тарбиячилари, психологлар, логопед ва дефектелоглар умумтаълим мактабларидаги ўқитувчилар маошларига тенглаштирилган.

2019 йилдан эса умумтаълим мактаблари ўқитувчилари малака тоифаларига қараб, ойлик маошлари 10-25% га қадар оширилди. Шунда, мактабгача таълим тизимидаги олий маълумотга эга тайёрлов гуруҳи тарбиячилари мактаблардаги ўқитувчиларнинг ойлик маошларига нисбатан 10-25%га кам. Мактабгача таълим вазирлиги Молия вазирлигига олий маълумотга эга тарбиячиларнинг ойлик маошини мактаблардаги ўқитувчилар маоши билан тенглаштириш, ошпазлар маошини 2 баробар ошириш, халқаро тажрибага асосан «педагог статуси» амалиётини янада кенг қўллаш ва мактабгача таълим тизими педагог ходимлари умумтаълим мактаблардаги ўқитувчилар билан бир хил миқдорда ойлик маош олишлари юзасидан таклиф берган.

Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, мазкур таклифлар ижроси учун 1,5 трлн. сўм маблағ кетиши ҳамда мазкур дастурни босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, мазкур йўналишдаги ишлар тўхтаб қолмаслигини вазирлик доимо ўзининг қуйи тизимдаги ходимларни меҳнатига яраша ҳақ тўлаш борасида режа ва дастурлар ишлаб чиқилаётганлигини маълум қиламиз.

Мактабгача таълим вазирлиги ОАВ лари учун доим очиқдир. Журналистлардан текширилмаган, аниқ асосларга таянилмаган, тизимнинг шаънига путур етказадиган ҳар қандай маълумотларни ОАВда эълон қилишдан аввал Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати билан ҳамкорлик қилишга чорлаймиз!

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати