Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани Йўлдош-16 даҳасидаги 566-сонли МТТ 2020 йилда капитал таъмирга тушганига қарамай, шу кунгача таъмирлаш ишлари тугатилмагани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4936-сонли қарорига асосан 2020 йилдан 2021 йилга ўтувчи объект бўлиб, Инвестиция дастурига асосан ушбу МТТни жорий йилда реконструкция қилиш белгиланган.

Тендер савдоларида «SADDINISO XABIBULLA» XK ғолиб деб топилиб, 2020 йил 24 февралда Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги «Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК билан 12 674,56 миллион сўмли пудрат шартномаси имзоланган.

«SADDINISO XABIBULLA» XKга мазкур объектда 11 331,8 миллион сўмли қурилиш-монтаж ишларини амалга оширган бўлиб, ҳозирда 10 463,5 миллион маблағ молиялаштирилган.

Лойиҳа-смета ҳужжатларида коммуникация тармоқларида камчиликлар аниқланган, аммо мазкур камчиликлар «Ихтисослаштирилган лойиҳа изланиш институти» ДУК лойиҳачи ташкилот билан биргаликда бартараф этиб келинмоқда.

«SADDINISO XABIBULLA» XK томонидан бугунги кунга қадар мазкур объектнинг 4 та асосий биносида таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган (1-2-3-4 блок).

Ҳозирда хусусий корхона томонидан ошхонага ранг бериш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек бассейн ва ёзги ўйин майдончаларини қуриш жараёнлари олиб борилмоқда.

Объектда қайта шакллантирилган қурилиш графиги асосида ишлар ташкиллаштирилган. Пудратчи ташкилотга ишчилар сонини кўпайтириш ҳамда ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилган. Мактабгача таълим ташкилотини фойдаланишга топшириш муддати ноябрь ойининг якунига қадар этиб белгиланган.

Маълумот учун, мазкур объектни лойиҳа-смета ҳужжатларида жиҳозлар мавжуд эмаслиги сабабли, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан жиҳозлаш белгиланган.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати