Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти томонидан қонун бузилишларига йўл қўйилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ушбу хабарлар юзасидан вазирлигимиз қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 апрелдаги ПҚ-5053-сон «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларнинг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги мазкур қарорнинг 1-иловаси 18-бандига мувофиқ, Мактабгача таълим вазирининг 2021 йил 7 апрелдаги 55-сон «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинди.

Қарорнинг 1-иловасига келтирилган изоҳ қисмига кўра,
давлат органи раҳбарига, зарур ҳолларда, ташкилот марказий аппарати, идоравий ва ҳудудий бўлинмаларининг тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилганлиги кўрсатиб ўтилган.

Шу асосда, юқорида қайд этилган буйруқнинг 3-иловасига мувофиқ, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси ва вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари бошлиқларининг молиявий-иқтисодий ишлари бўйича ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилган.

Мазкур буйруқ ҳудудий бўлинмаларнинг иш фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ зарур ҳолларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 апрелдаги ПҚ-5053-сон қарори талабларига мувофиқ ва асосли қабул қилинган.

Мазкур қарор чиқиши муносабати билан, вилоят бўғинидаги айрим штат бирликлари мақбуллаштирилиб, бошқа штат бирликлари сони оширилган.

Шунингдек қарор бўйича штат бирликлари қисқартирилган ходимларнинг аксарияти янги штатлар жадвали бўйича иш билан таъминланган, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ мактабгача таълим тизимидаги бошқа мавжуд бўш (вакант) лавозимлар барча ходимларга таклиф этилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг 2021 йил 4 августдаги 22-сон ёзма кўрсатма хатига Мактабгача таълим вазирлигининг тегишли жавоб хати тақдим этилган.

Шунингдек, мазкур қарор ижроси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан қонуний бажарилганлиги бўйича бугунги кунда Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманларо судида бир нафар фуқаронинг иши кўриб чиқилаётганлиги ва унга суд органлари томонидан ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қиламиз.