Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Яккасарой туманидаги 100-сонли МТТни реконструкция қилиш кечикаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

Мазкур объектлар ҳудудида қурилиши белгиланган янги бинолар ўрнида жами 32 дона мевали ва манзарали дарахтлар мавжудлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарорининг 39 бандига асосан давлат бюджетидан молиялаштириладиган мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълими ҳамда касб-ҳунар таълими муассасаларида дарахтлар ва буталарни кесиш ёки санитария мақсадида кесиш ишлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ 5863-сон фармони ҳамда жорий йилнинг август ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириғига кўра, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтириши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши ҳамда вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши маълум қилинди.

Ушбу дарахтларни бошқа жойга кўчириш ва кесиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармасига бир неча маротаба ёзма мурожаат этилишига қарамасдан амалий ёрдам кўрсатилмаган.

Бундан ташқари МТТ биноси яроқсиз ҳолда бўлганлиги сабабли тўлиқ бузиш(снос) ишлари Мактабгача таълим бошқармаси томонидан белгиланган муддатдан 3 ойга кечиктириб бажарилган.

Натижада қурилиш-монтаж ишлари ишлаб чиқилган тармоқ жадвалига нисбатан кечиктириб бошланган.