Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда «Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Ғазалкент шаҳридаги болалар боғчасининг қурилиши тугалланиши учун тадбиркорга ажратилган имтиёзли кредит суммаси тўхтатиб қўйилган»и тўғрисидаги видеомурожаат тарқалди.

Ушбу видеомурожаатдаги важларни рад этган ҳолда Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:

Фуқаро Тўлабой Аширов 2019 йилнинг 13 ноябрь куни Мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг қабулида бўлиб, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудида ДХШ асосида 120 ўринли “Ортиқ ота боғчаси”  МЧЖни ташкил этиш мақсадида ўз мурожаатини баён этган. Суҳбат жараёнида тадбиркор нодавлат мактабгача таълим ташкилотини 1 млрд. сўмга барпо этишини маълум қилиб,  1 млрд. сўм миқдорда кредит  ажратилишини сўраб мурожаат қилган. Қабул давомида вазир томонидан ушбу лойиҳа 1 млрд. сўмга битмаслиги, шунинг учун ўрнатилган тартибда лойиҳага кредит ажратилиши тавсия қилинган. Сабаби реконструкция қилиш учун бир болага 16 млн. сўм ажратилиши лозимлиги  инобатга олиниб, 120 ўринга 1,920 млрд сўм ажратилишига розилик берилган. Қолган қисми тадбиркор томонидан қопланиши лозимлиги тушунтирилган ва тадбиркор томонидан розилик билдирилган.

Битим намунаси тадбиркорга тақдим этилган ва тадбиркор томонидан барча шартлар ўрганиб чиқилган. Шундан сўнг битим тадбиркорнинг розилиги билан имзоланиб Мактабгача таълим вазирлигига 2 нусхада тақдим этилган. Вазирликка тақдим этгандан сўнг иккинчи томон, яъни вазирлик томонидан
2019 йил 25 ноябрда Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда “ORTIQ OТA BOG`CHASI” МЧЖ ўртасида № 0451-944/11- сонли битим имзоланган. Ушбу битим шартномасида жами лойиха қиймати 4,032 млрд сўмни ташкил этиб, шундан 1,920 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари, 2,112 млн сўм эса ташаббускор маблағи ҳисобидан амалга оширилиб борилиши белгиланган. Битим-шартнома имзоланиб, муҳр босилиб, шнурланиб тадбиркорга битим-шартноманинг бир асл нусхаси тақдим этилган, иккинчи асл нусхаси тегишли тартибда архивга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 январдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4581-сон қарорининг 1-банди 4-хатбошида 420 та имзоланган битимларнинг 100 дан ортиғида 25 ва ундан ортиқ фоиз ҳажмда қурилиш ишлари бажарилганлиги маълумот учун қабул қилинган.

Қарорнинг 3 “а” бандига кўра 2019 йил 1 декабрга қадар мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ишлари 25 фоиздан кам бўлмаган хажмда бажарилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун зарур бўлган 182 млрд. сўм маблағлар Молия вазирлиги томонидан 2020 йил 1 мартга қадар 1 фоизли устама бўйича ажратилиши белгиланган.

Шунга асосан “ORTIQ OТA BOG`CHASI” МЧЖ томонидан объектда олиб борилган қурилиш демонтаж ишлари ҳам ўрганилди ва 2020 йил 10 январ ҳолатига кўра реконструкция ишлари 22% га амалга оширилганлиги белгиланди ва тадбиркор иштирокида расмийлаштирилди.

2020 йилнинг февраль ойида қайта ўрганиш жараёнида сотиб олинган қурилиш жиҳозлари ва қўшимча қилинган ишлар инобатга олиниб, реконструкция ишлари
25,2% га кўтарилди ва 25% юқори иш ҳажми бажарган лойиҳалар рўйхатига киритилган.

2020 йил 19 октябрида ушбу тадбиркорга имтиёзли кредит ажратилиши учун Мактабгача таълим вазирлигининг 01-0318-266 сонли хати орқали Молия вазирлигига юборилган.

Бугунги кунда, 2019 йил 25 ноябрда Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда “ORTIQ OТA BOG`CHASI” МЧЖ ўртасида №0451-944/11-сонли имзоланган битимда кўрсатилган 1,920 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари тадбиркорга тегишли тартибда тўлиқ молиялаштирилиб берилган.  

Видеомурожаатда вазирлик ходими Абдуғулом Ҳакимов умумий лойиҳанинг 10%ини пора сифатида тадбиркор Тўливай Ашировдан сўраганлиги юзасидан келтирилган важга изоҳ:

         Ушбу тадбиркор вазирликка келганида қабул жараёнларини ташкил этишда битта мутахассис қабул қилмаган, балки тадбиркорнинг барча ташрифларида вазирликнинг мутахассислари билан биргаликда қабул ташкил этилган.

Шу боис бу каби коррупцион ҳолатга йўл қўйилиши мумкин эмас, қолаверса тадбиркорнинг ушбу важларига асосли (аудио, видео, фото) далиллар келтирилмаган.

Битим-шартнома сохталаштирилганлигига оид масала юзасидан:

Тадбиркор Тўливай Ашировнинг таъкидлашича, битим Алоқабанк ва вазирлик томонидан сохталаштирилган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ўрганиш олиб борилиб натижаси тадбиркор Тўливай Ашировга маълум қилинган. Унда  Мактабгача таълим вазирлиги томонидан битим-шартномани сохталаштириш аломатлари аниқланмаганлиги (Илова қилинади) юзасидан маълумот берилган. 

Энди ўринли бир савол туғилади, хўш ушбу битим-шартнома Мактабгача таълим вазирлиги ходимлари томонидан сохталаштирилганлиги қонуний ўз исботини топмади, демак ушбу битим-шартнома ғараз ниятда ким томонидан амалга оширилди экан???

Қуйида сохталаштирилган шартнома ҳамда вазирлик архивида сақланаётган иккинчи асл битим-шартноманинг нусхаси:

Табиийки, ушбу битим-шартномалардаги маблағ миқдорлари ҳар хилда эканлиги яққол кўриниб турибди. Асл нусхада давлат томонидан ажратиладиган кредит маблағи 1 млрд. 920 млн.сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағларини ташкил этмоқда, сохталаштирилган битим-шартномада эса 3 млрд.16 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағларини ташкил этмоқда. Битим-шартномани сохталаштиришдан қандай наф борлиги бизга маълум эмас.

Рақамлар ўртасидаги тафовутга эътибор қаратсак, 1 млрд. 920 млн.сўм ва 3 млрд.16 млн. сўм фарқ эса 1 млрд. 96 млнни ташкил этмоқда.

Демак хулоса шуни кўрсатмоқдаки, битим-шартномани сохталаштириш, яъни айнан маблағ миқдоридаги ўзгаришда (эътибор беринг битим-шартномадаги бошқа имтиёзлар ёки ҳуқуқ ва мажбуриятларда ўзгариш мавжуд эмас лекин айнан маблағ рақамларида ўзгариш мавжуд) моддий манфаат кўзланганлиги яққол намоён бўлиб турибди.

Тадбиркор Тўливай Аширов 2021 йил 7 октябрь куни ўзини “Правозашитник Алиянц Узбекистана” деб таништирган (тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган)  С.Аҳмедова билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг қабулида бўлди.

Қабул жараёнида Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, Юридик бошқармаси бошлиғи, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи ҳамда Давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси етакчи мутахассислари иштирок этган.            

Қабул давомида Тўливай Аширов Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани худудидада ДХШ асосида 120 ўринли “Ортиқ ота боғчаси”  МЧЖни ташкил этиш учун жами лойиҳа қиймати 4 млрд. 32 млн. сўм белгиланганлигини, 1 млрд. 920 млн.сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағларини тўлиқ олганлигини, ўзи 1 млрд. 16 млн.сўм миқдорида инвестиция киритганлигини маълум қилиб,  лойиҳа смета хужжатларида белгиланган маблағдан қолган 1 млрд. 96 млн. сўм миқдоридаги имтиёзли кредитни ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди ҳамда Битимнинг нусхаларини тақдим этиб, уни сохталаштирилганлигини баён этди. Тадбиркор Тўливай Ашировдан битим-шартноманинг асл нусхаси сўралганда уни тақдим эта олмайди.

Тадбиркор Тўливай Ашировга вазирлик мутасаддилари ва ўзини “Правозашитник Алиянц Узбекистана” деб таништирган С.Аҳмедова иштирокида битимнинг иккинчи асл нусхаси  тақдим этилди ва битим-шартноманинг қайси банди сохталаштирилганлиги ҳолати бўйича изоҳ сўралганида ҳам жавоб бера олмаган.

Ушбу масала юзасидан Республика Прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, тадбиркор томонидан нотўғри маълумот берилганлиги исботланди.

Тадбиркор Тўливай Аширов томонидан  “Кўпчилик тадбиркорлар ҳам шундай ҳолатда” деб видеомурожаатда келтирилган важга изоҳ:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 январдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4581-сон қарорининг 1-банди 4-хатбошида 420 та имзоланган битимларнинг 100 дан ортиғида 25 ва ундан ортиқ фоиз хажмда қурилиш ишлари бажарилган тадбиркорларга имтиёзли кредит ажратилиши белгиланган.

Қарорга кўра 101 лойихаларни молиялаштириш юзасидан топшириқ берилганлигини инобатга олган ҳолда, ушбу 101 лойиҳадан дастлабки 76 лойиҳа молия вазирлигига молиялаштириш учун тавсия қилиниб, 25 лойиха гаров таъминоти бўлмаганлиги учун рўйхатдан тушириб қолдирилган.

Қолган лойиҳалар ўрганилиб, 25 ва ундан ортиқ фоиз хажмда қурилиш ишлари бажарилган тадбиркорларга ўрнатилган тартибда юқори турувчи ташкилотлардан розилик олингандан сўнг 2020 йил 19 октябрида имтиёзли кредит ажратилиши учун Мактабгача таълим вазирлигининг 01-0318-266 сонли хати орқали Молия вазирлигига юборилган.

Юқорида келтирилган маълумотлар тадбиркор томонидан Мактабгача таълим вазирлигига асосланмаган ноўрин айбловларнинг қўйганлигини кўрсатмоқда, ваҳоланки ушбу тадбиркорга вазирлик томонидан қонунду белгиланган барча амалий ёрдамлар берилиб келинмоқда.

Шу ўринда, қонунчиликда ёлғон ахборот тарқатганлик, туҳмат, порнографик мазмундаги маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни ОАВ ва интернет тармоқларида тарқатиш учун жавобгарлик мавжуд эканлигини эслатиб ўтамиз.

Биз журналистларни холислик, очиқлик, шаффофлик доирасидаги фаолиятини қадрлаймиз ва доимо ҳамкорликка тайёрмиз.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборт хизмати