Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги алоҳида таълимга муҳтож болалар учун имконият

Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган «Имкон» реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига болалар қабули эълон қилинди.

Жорий йилнинг ноябрь ойи охирида Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган «Имкон» реабилитация маркази (кейинги ўринларда – «Имкон» маркази)га эга янги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти алоҳида таълимга муҳтож болалар учун ўз эшикларини очди. Бу ҳисоб бўйича Ўзбекистондаги иккинчи марказдир. Илк бора Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида «Имкон» маркази ташкил этилган эди.

Тўлақонли реабилитация маркази ва 150 ўринли болалар боғчасига эга «Имкон» марказлари мактабгача таълим тизимидаги мутлақо янги моделдир. «Имкон» марказлари фаолияти имконияти чекланган болаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга қаратилган бўлиб, асосий мақсади ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ота-оналар билан биргаликда ҳар бир болани ривожлантириш ва реабилитация қилиш режасини ишлаб чиқиш, уни бир муассаса доирасида амалга оширишга кўмаклашишдир. Бу, шубҳасиз, ота-оналар ва фарзандлар учун қўшимча қулайликлар яратади, чунки улар авваллари ҳар томонлама ёрдам олиш учун шаҳар ёки туманнинг турли ҳудудларида ҳар хил мутахассисларга мурожаат қилишлари керак эди.

«Имкон» марказлари иккита блокдан иборат:

— 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун (болага қўйилган ташхисга қараб) 10 гуруҳдан иборат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти;

– 18 ёшгача бўлган болалар учун реабилитация маркази.

«Имкон» маркази янги кенг бинода жойлашган бўлиб, замонавий дидактик материаллар, тузатиш ва реабилитация ускуналари билан жиҳозланган. Шунингдек, бинода физиотерапия хонаси, спорт зали, болаларнинг ижтимоий мослашуви хонаси, сенсор хонаси, аудиосинф, кўришда нуқсони бўлган болалар реабилитация хонаси, массаж хоналари, эртак терапияси хонаси, шунингдек йил давомида болалар билан амалиётлар ўтказиладиган ёпиқ бассейн. Марказ Марказий Осиёда тенги йўқ замонавий реабилитация ускуналари билан жиҳозланган.

Етакчи хорижий ташкилотлар иштирокида махсус тайёргарлик ва малака оширишдан ўтган тажрибали мутахассислар ота-оналар ва уларнинг фарзандларига ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр.

Мактабгача таълим вазирлиги шуни маълум қиладики, 2021 йил 3 декабрдан бошлаб ота-оналарга ҳар ҳафтанинг жума куни Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармаси биносида «Имкон» кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни танлаш бўйича тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтади.

«Имкон»га қабул қилиш учун фарзандларини имтиҳондан ўтказиш истагида бўлган ота-оналар жума куни соат 09:00 дан 12:00 гача Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, А.Темур кўчаси, 62-уй манзилига таклиф қилинади.

Шу билан бирга, ота-оналардан кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 391-сон қарори билан тасдиқланган “Тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосасини бериш учун асос бўладиган тиббий кўрсатмалар рўйхати»га мувофиқ кўрсаткичларга эга бўлган болаларни қабул қилинишига эътибор қаратишларини сўраймиз.

Ота-оналар ўз саволлари юзасидан қуйидаги телефонлар орқали боғланишлари мумкин:

+998 71 207 08 04 (ички 861)

+998 93 565 96 85